Ўзбекистон | 11:09 / 27.09.2022
10329
3 дақиқада ўқилади

Муфтий: Ўзи бадхулқ бўлиб одамларни чиройли хулққа чақириш – маърузачининг одобига тўғри келмайди

Насиҳат қилмоқчи бўлган киши аввало илмли, бошқалардан олдин ўзи насиҳатланган, устозлардан кўрсатмалар олиб, уларнинг ижозатига эга бўлмоғи лозим, - дейди муфтий аҳли илмларга қилган мурожаатида.

ЎзМИ эълон қилган видеодан кадр

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ўзбекистонлик аҳли илмларга мурожаат қилиб, маъруза ва насиҳатларни воқеликдан келиб чиқиб гапиришга, ўзлари ҳам айтганларига амал қилишга чақирди.

«Илмли кишилар, аввало, ўзлари вазиятни тўғри баҳолаб, уни тўғри таҳлил қила олишлари ва шунга қараб хулоса чиқаришлари лозим. Хулосаларни баён қилишда эса унинг олтин қоидаларига амал қилиш даркор. Гапиришнинг олтин қоидалари: жой, ҳолат ва миқдорни ҳисобга олиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, қаерда, қандай, қанча гапиришни билиш лозим. Мана шу қоидалар бузилганда, кўпинча турли ноқулайликлар чиқади. Бу эса фитнага сабаб бўлади.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло “…Роббингнинг йўлига яхши мавъиза ила даъват қил», – дейди. Даъват қилишнинг ҳам ўз йўли ва қонун-қоидалари бор. Ҳар кимнинг ҳам ўзича, бу ишда мутахассис бўлмай туриб, киришга ҳаққи йўқ.

Насиҳат қилмоқчи бўлган киши аввало илмли, бошқалардан олдин ўзи насиҳатланган, устозлардан кўрсатмалар олиб, уларнинг тазкия ва ижозатларига эга бўлмоғи лозим.

Ўзи гапираётган гапга ўзи амал қилмаса, ўзи бадхулқ бўлиб одамларни чиройли хулққа чақирса, одамларни сабрга чақириб, ўзи бесабрлик қилса, одамларни ҳақиқатга, бировларнинг ҳаққидан қўрқишга чақириб, ўзи бировларнинг ҳаққига хиёнат қилса ва шу каби ҳолатлар бўлса, бу мавъиза қиладиган одамнинг одобига тўғри келмайди.

Ҳар бир ишнинг ўз эгаси – мутахассиси бўлади. Бирор ишга лаёқатсиз, мутахассис бўлмай киришиш доимо кулфат келтиради. Вазифадор инсон билимли, омонатдор ва ҳалол бўлса, унга топширилган ишни маромига етказиб бажаради. Шу сабабли ҳам бу ишларни [даъват ва мавъизани] ўз мутахассислари қилмоғи керак», – дейди муфтий аҳли илмларга қилган мурожаатида.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид