Kun.uz айни дамда Россияда яшаётган ўзбеклар билан ҳарбий сафарбарликнинг хориждан келган фуқароларга таъсири, у ердаги ўзбеклар кайфияти, урушга ёлланиш ҳолатлари ҳақида суҳбат қилди.

«17-21 ёш орасидаги ёшлар бироз саросимада»

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси қошида фаолият юритиб келаётган Талабалар бюроси «Қалқон» гуруҳи раҳбари Жаҳонгир Ҳайитов ҳозир Москвада яшайди. У қийинчилик ва муаммоларни ечишда талабаларга кўмаклашади. Ҳайитов ҳозир Россиядаги ўзбеклар жуда ҳушёр туришлари, ёнида бирга турган яқинлари ёки таниш-билишларидан тез-тез хабар олиб туришда жонбозлик кўрсатишлари муҳимлигини айтади.

Жаҳонгир Ҳайитов / Шахсий фото

— Сафарбарлик жуда кўп ота-оналарни ваҳимага солди. Бу ваҳима талабалар орасида ҳам бор. Ёш жиҳатдан айтсам, 17-21 ёшлилар озроқ саросимага тушган. Қолганлари анчадан бери Россия ҳудудида юргани учун ўзини сокинроқ тутишяти.

Биз талабалар ҳолатини мониторинг қилиб, шу масала бўйича фикрларини олиб турибмиз. Шундан келиб чиқиб, уларни уч гуруҳга ажратдик. Биринчи гуруҳ талабалар ўқишини онлайн шаклга ўтказиб, ватандан туриб ўқишяпти. Иккинчи гуруҳ ҳолатни кузатяпти. Россияда ҳам қандайдир уруш бошланса, чиқиб кетишмоқчи. Учинчи гуруҳ эса нима бўлишидан қатъи назар, шу ерда қоламиз, деган фикрни айтишяпти.

Россиянинг ўзида ҳозир тинчлик. Талабалар бу воқеаларга эътибор бермай, кўпроқ ўқиш ҳақида ўйлашларини назорат қилиб турибмиз.

Россияда мигрантларга фуқароликка ва урушга жалб қилиш ҳақида варақалар берилаётгани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Буни давлат ташкиллаштиряпти дея олмайман. Ўзи урушга жалб қиладиган хусусий фирмалар бор. Фуқаролик ёки контракт эвазига бизнинг фуқароларни ҳам жалб қилиш ҳолатлари учраяпти. Айтайлик, икки томонлама шартнома тузилади, фуқаро армияга бориб келса, ваъда қилинган пул ёки фуқаролик берилади.

Бундай вазиятда ягона чора – одамлар ҳушёрликни ошириши бўлади. Атрофидаги яқинлари, танишлари нима иш билан шуғулланишаётгани, кимлар билан гаплашаётганига эътиборли бўлишларини сўраган бўлардим. Шундагина ёнимиздагиларни сақлаб қолишимиз мумкин. Бунга урғу беришимнинг сабаби – бу ерга ишлаш мақсадида пул учун келишади. Молиявий етишмовчилик ортидан кўпчилик урушга кетиб қоляпти.