Россияда меҳнат мигрантларидан олабўжи образи ясалиб, уларни асоссиз ёки арзимас сабаблар билан қамаш, дўппослаш, таҳқирлаш ва урушга жўнатиш одатий ҳолга айланиб қолди. Ҳар ой қайсидир ксенофоб амалдор мигрантлар ҳақида бирор салбий таклиф кўтариб чиқади, натижада меҳнат муҳожирларига чекловлар кўпайиб боряпти.
Хўш, аслини олганда, жорий шарт-шароитларда хорижий ишчиларсиз Россия иқтисодиёти “ўтириб” қолмайдими?
Россия меҳнат бозоридаги вазият
Россия узоқ йиллардан бери жиддий демографик муаммога дуч келяпти: аҳоли қарияпти, туғилиш даражаси паст, меҳнатга лаёқатли ёшлар улуши қисқариб боряпти. Сўнгги йилларда бу муаммо янада кескинлашди. Ҳарбий сафарбарлик, эмиграция ва пандемия натижасида юз минглаб маҳаллий ишчи кучи бозорни тарк этди. Натижада иқтисодиётнинг асосий тармоқларида меҳнат ресурслари танқислиги юзага келди. Айнан шу бўшлиқни мигрантлар, хусусан Марказий Осиёдан келган ишчилар тўлдириб турибди.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда расман ишлаётган чет эл фуқаролари сони тахминан 3 млн киши. 2024 йилда патент асосида ишлаётган мигрантлар тўлаган солиқ қарийб 124 млрд рублни ташкил этган. 2025 йилнинг 5 ойида бу кўрсаткич 35 фоизга ошган. Яъни Россия бюджети мигрантлар ҳисобидан катта даромад кўряпти. Мамлакатдаги умумий хорижлик ишчилар сони эса 6-6,5 млн атрофида экани тахмин қилинади. Бу улуш умумий меҳнат бозорининг 7–8 фоизини ташкил қилади.
2025 йилда Россияда ишсизлик даражаси 2,1 фоизгача пасайди. Бу СССР парчаланиб кетган 1991 йилдан кейинги даврдаги энг паст кўрсаткич. Бир қарашда, ишсизлик қанча паст бўлса, шунча яхшидек кўринади, лекин аслида ҳар доим ҳам ундай эмас. Ўта паст даражадаги ишсизлик ҳам чуқур иқтисодий муаммолардан дарак беради. Шу боисдан таҳлилчилар Россиядаги ишсизлик даражасининг ўта пастлигини иқтисодиёт учун ижобий эмас, балки инқироз белгиси сифатида баҳолаяпти.









