Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги ПҚ-4911-сонли “Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали негизида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ректори А.А. Сидиқов раҳбарлигида ташкил этилди. Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти дунёнинг 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан шартномалар имзолаган ва ўқув, илмий ва маърифий соҳаларда доимий ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.
Институт ўз фаолияти давомида 2000дан ортиқ малакали шифокорларни тайёрлаб берган.
2022 йил 30 сентябрь куни Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти биносининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда соғлиқни сақлаш вазири Мусаев Беҳзод Анварович, Фарғона вилояти ҳокими Бозоров Хайрулла Ҳайитбоевич, институт билан ҳамкорликдаги халқаро ҳамкор ташкилот раҳбарлари, республикадаги тиббиёт олийгоҳлари ректорлари институт жамоаси маданият ва санъат вакиллари, талаба ёшлар иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар илк бор олий таълим остонасига қадам қўйган талабаларни табриклаб, янгидан барпо этилган ушбу ўқув биноси уларнинг билим олишлари учун муҳим аҳамиятга эга эканини айтиб ўтишди.
Рамзий ленталар кесилганидан сўнг, талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди. Кампус қурилишидаги замонавий кўриниш, пухта ўйланган архитектура, гўзал табиат манзараси, ўқув жараёни учун яратилган қулайликлар таълим сифати ошишига хизмат қилади.
Машаққатли қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида институтнинг янги ўқув биноси қуриб битказилди ҳамда моддий-техник базаси шакллантирилди. Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти энди замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган 3 та ўқув биноси, симуляция маркази, виварий, илмий лаборатория, 500 ўринли анжуманлар зали, 200 ўринли ошхонага эга бўлди.
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти матбуот хизмати