Жаҳон | 07:36 / 05.10.2022
9733
3 дақиқада ўқилади

Германия Полшанинг товон пули ҳақидаги талабини рад этди

Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербок Варшаванинг товон тўлаш ҳақидаги талабларини қатъиян рад этди. Полша Германиянинг бу масала бўйича позицияси «ўзгаради» деган фикрни билдирди.

Анналена Бербок / Фото: EPA-EFE

Германия ҳукумати нуқтайи назаридан, Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар босқинининг мамлакатга етказилган зарари учун Полшага товон тўлаш масаласи ёпиқ. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 4 октябр, сешанба куни Варшавада бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтди. Германия ташқи ишлар вазири Полшанинг тўловлар бўйича даъволарини қатъиян рад этди.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, «абадий вазифа» Германия полшаликларга келтирган азоб-уқубатларни эслаб қолишдир. «Германия, шубҳасиз, ўзининг тарихий масъулиятини зиммасига олади», деди Бербок.

Бир кун аввал Полша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Германияга товон ундириш талаби билан нота имзолади. Унинг таъкидлашича, Полша томонлар ишғол билан боғлиқ моддий ва номоддий зарар учун товон тўлаш масаласини ҳал этишини талаб қилмоқда.

Германия ташқи ишлар вазири билан учрашувдан сўнг Звигнев Рау ГФРнинг бу борадаги позицияси «ўзгариши» ҳақида фикр билдирди. У Полша ва Германиянинг ўтмиш, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги биргаликдаги масъулиятига ишора қилди.

Германия ва Полша ташқи ишлар вазирлари /  Фото: Wojtek Radwanski/AFP via Getty Images

Сентябрь ойи бошида Полшанинг ҳукмрон «Қонун ва адолат» (PiS) партияси раҳбари Ярослав Качиньский товон миқдорини 1,3 триллион еврога баҳолаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу миқдор консерватив тарзда ҳисобланган ва бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Германия ташқи ишлар вазирлиги вакили бунга жавобан Германия Полшанинг Иккинчи жаҳон урушидан етказилган зарарни қоплаш талабига ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини айтди. У Берлин қайта-қайта мурожаат қилган аргументни такрорлади: Полша 1953 йилдаёқ кейинги товон тўлашдан бош тортган ва буни бир неча бор тасдиқлаган.

2017 йил сентябр ойида Германия ҳукуматининг ўша пайтдаги матбуот котиби Штеффен Зайберт Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистларнинг «ақлга сиғмайдиган жиноятлари» учун масъул бўлган Берлин Полшага товон пули тўлаб бўлганини таъкидлади. Бундан ташқари, Германия нацистлар режимининг жиноятлари оқибатлари учун тўловларни амалга оширишда давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид