Вазирлар Маҳкамасининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳамда улар экспортини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Президент фармонига мувофиқ, Экспортни рағбатлантириш агентлиги таркибида Тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган.
2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январгача белгиланган тартибга мувофиқ, Қорақалпоғистон ва вилоятларда бўялган мато, аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширган ташкилотларга ускуналар қийматининг 10 фоизи, бироқ 500 минг доллар эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда жамғарма ҳисобидан субсидия ажратилади.
Субсидия олиш учун қуйидагилар зарур: юқорида кўрсатилган лойиҳалар доирасида янги ускуналар харид қилиш; ускуналар қийматига етказиб бериш ҳамда бошқа қўшимча хизматлар харажатларини киритмаслик; лойиҳани фойдаланишга топшириш далолатномаси мавжуд бўлиши.
ТИФ Миллий банки томонидан хорижий валютада кредитлар ажратилади:
бўялган мато, аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини, таркибида сунъий тола 80 фоиздан юқори бўлган ип-калава ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилувчи корхоналарга - бошланғич 15 фоиз тўловни тўлаш учун етти йил муддатгача, уч йиллик имтиёзли давр билан, депозит ставкасига банкнинг 1 фоизлик маржасини ҳисобга олган ҳолда;
бўялган мато ва газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарга - экспортолди молиялаштириш (3 млн долларгача), шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун, бир йил муддатгача, тўққиз ойгача имтиёзли давр билан, депозит ставкасига банкнинг 1 фоизлик маржасини ҳисобга олган ҳолда.
Бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини, шу жумладан комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида ушбу маҳсулотлар камида 80 фоизини экспорт қилган корхоналарга: ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш; маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза юбормасдан туриб, солиқ органларини хабардор қилган ҳолда уч йил муддатгача юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўловини кечиктириш ҳуқуқи берилади. Бунда, ушбу солиқни кечиктириш муддати тугаганидан сўнг солиқ қарзи ва ҳисобланган фоизлар кечиктириш муддатига тенг муддат мобайнида бўлиб-бўлиб тўланади.

















