Президент Шавкат Мирзиёев 3–4 октябрь кунлари расмий ташриф билан Венгрияда бўлди.

Ўзбекистон делегацияси Будапешт шаҳрида Венгрия президенти Каталин Новак ва бош вазир Виктор Орбан билан музокаралар ўтказди.

Янги стратегик шериклар

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати
Фото: Венгрия президентининг матбуот хизмати

Ўзбекистон–Венгрия муносабатлари 2021 йил март ойида, Виктор Орбаннинг Тошкентга ташрифи вақтида стратегик шериклик даражасига кўтарилган эди. Мирзиёевнинг Будапештга сафари бунга жавоб ташрифи бўлди.

Мулоқотларда икки давлат муносабатлари ҳеч қачон ҳозиргичалик яқин бўлмагани бот-бот таъкидланди. Хусусан, Виктор Орбан Ўзбекистонни Венгриянинг Марказий Осиё минтақасидаги “ўта муҳим шериги” деб атади.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий ва энергетик нуқтайи назарлардан стратегик мақомга эга”, деди можарлар ҳукумати раҳбари.

Виктор Орбан билан тор доирадаги музокара / Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Бундан ташқари, турли йўналишларда 15 та ҳужжат қабул қилинди.

Савдо алоқалари ҳозирча анча суст

Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси охирги 5 йилда салкам 3 баробарга ўсган бўлса ҳам, рақамларни катта деб бўлмайди: 2021 йилда ўзаро савдо-сотиқ 60 млн доллар бўлган. Таққослаш учун, ўтган йили Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари топ-20талигида охирги ўринда бўлган Франция билан савдо айланмаси 280 млн доллар эди.

Будапештдаги музокараларда томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлашни 500 млн долларга етказишга келишиб олди. Бунда Ўзбекистон Евроиттифоқнинг “GSP+” дастурига қабул қилингани муҳим рол ўйнаши қайд этилди.