Ҳудудлар иккинчи босқичга ўтди
Барчаси бир кун аввал Ростов области губернатори Василий Голубевнинг област «янги сафарбарлик топшириғи» олгани ҳақидаги баёноти билан бошланди. Ўтган ҳафтагина ҳудуд маъмурияти Мудофаа вазирлиги томонидан вилоятга қўйилган қисман сафарбарлик режаси «тўлиқ бажарилгани» ҳақида хабар берганди.
Ростов губернаторининг сўзларидан шундай хулосага келиш мумкинки, ҳарбий чақирув комиссариатлари Мудофаа вазирлигининг янги топшириғини бажаришга киришган. Яъни улар яна сафарбар қилиш учун эркакларни қидиришни бошлаган.
11 октябр куни Курск области маъмурияти томонидан ҳам худди шундай баёнот берилди: «Сафарбарликнинг биринчи босқичи тўлиқ якунланди. Минтақада иккинчи босқич бошланди».
Сафарбарлик давом этишини эълон қилган учинчи минтақа Бурятия бўлди. Украинада ҳалок бўлган Россия ҳарбийларининг катта қисми айнан шу республика вакилларидир.
Бурятия «қисман» сафарбарлик режаси юз фоиз бажаргани ҳақида 30 сентябр куни хабар берилган эди. Бироқ, Бурятия расмийлари гап «янги тўлқин» ҳақида кетмаётганини билдирди (яъни иккинчи босқич бошланган).
Бурятия ҳарбий комиссари ўринбосари Игор Кибальник янги сафарбарлик ишларини «қўшимча йиғин» деб атади.
«Бурятияда қўшимча йиғин унчалик ҳам катта кўламда эмас. Шунинг учун икки ҳафта олдин бўлгани каби мактаблар ва бошқа жойларда қўшимча чақирув-йиғув пунктларини очишга ҳожат йўқ. Мавжуд комиссарликлар ишлари етарли. Ҳеч қандай шошқалоқлик, туни билан ишлаш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Барчаси режа бўйича кетади, вазифани бажариш учун вақт бор», – дейди у.
«Дождь» телеканали Омскдаги ҳарбий комиссарликдаги учрашувнинг аудиоёзувига асосланиб тахмин қилган версияга кўра, сафарбарлик уч босқичда амалга оширилади: 26 сентябрдан 10 октябргача, 11 октябрдан 25 октябргача ва 26 октябрдан 10 ноябргача. Телеканал аудиоёзув ҳақиқийлигини тўлиқ тасдиқлашнинг имкони йўқлигини таъкидлаган. Телеканал томошабинлари эса шунга ўхшаш маълумот ҳақида Красноярск ўлкасидан ҳам хабар берган.
«Ҳеч қандай янги тўлқин йўқ»
«Бошқа ҳудудларда сафарбарлик давом этаётгани — бу қўшимча йиғин жараёни, сафарбарликнинг иккинчи тўлқини эмас», – деган ТАСС нашри билан суҳбатлашган Байкал ўлкаси маъмурияти вакили Роман Шадрин.
«Бизда сафарбарликнинг иккинчи тўлқини ҳақида гап кетгани йўқ, биз ҳозир бажараётган, белгиланган вазифаларимиз бор. Ҳаммани бир вақтнинг ўзида, бир кунда чақириш топшириғи йўқ», – деган Рязан области губернатори Павел Малков. Бу ҳудуд маъмурияти бошқалардан фарқли равишда сафарбарлик режасининг бажариб бўлингани ҳақида ҳисобот бермаганди.













