Россия президенти Владимир Путин ўтган ҳафтада сафарбарлик тахминан икки ҳафта ичида якунланишини айтганди. 1 ноябрдан Россияда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг кузги чақируви бошланади.

Шаҳар раҳбарининг ҳарбий ёшдаги москваликларга айтган асосий янгилиги шундан иборатки, яшаш жойига ва корхоналарга юборилган чақирув қоғозлари энди ўз кучини йўқотади.

«Сафарбар қилинганларни йиғиш пунктлари 2022 йил 17 октябр куни соат 14:00 да ёпилади», деб ёзди Собянин ўз блогида.

Мулозим буни Мудофаа вазирлигининг Москвадаги сафарбарлик бўйича топшириғи «тўлиқ бажарилгани» билан изоҳлади. У москваликларнинг қанчаси сафарбар қилингани ҳақида аниқ маълумот бермади.

Аввалроқ Россиянинг камида қирқта ҳудуди раҳбари Мудофаа вазирлиги топшириғи тўлиқ бажарилгани ҳақида ҳисобот берган, бироқ у ерларда сафарбарлик тўхтамаган эди.

Рейдлардан кейин сафарбарликнинг бекор қилиниши

Москвада сафарбарлик областлардаги каби оммавий бўлмади, дейди кузатувчилар. Аммо сўнгги пайтларда расмийлар сафарбар этилганларни излашни кучайтирди.

Ўтган ҳафтада Москвада метро бекатлари яқинида, Санкт-Петербургда эса турар жой биноларида ҳарбий ёшдаги эркакларга нисбатан полиция «рейдлари» ўтказилди, улар ушланиб, ҳарбий комиссариатларга чақирув қоғозлари тутқазилди. Можародан кейин бу амалиёт ҳатто ҳукумат вакиллари томонидан ҳам танқид қилинди.

Путин 21 сентябр куни Россияда қисман сафарбарлик эълон қилганди. Чекланган характерга эга бўлишига қарамай, жанговар тажрибаси бўлмаган ва касалликларга чалинган кекса одамлар ҳам сафарбар қилинди. Путиннинг ўзи сафарбарликдаги хатоларини тан олди, лекин буни катта муаммо деб атамади.

Путиннинг сафарбарлик тўғрисидаги фармонида унинг қайси муддатларда амалга оширилиши кўрсатилмаган. Сафарбар қилиниши керак бўлганлар сони яширилди. Бироқ, мудофаа вазири Сергей Шойгу 300 минг кишини чақириш режалари ҳақида гапирди (бу орада ОАВ 1 миллиондан ортиқ одам сафарбар этилиши мумкинлиги ҳақидаги фаразларни илгари сурди).

14 октябр куни Путин сафарбарлик «тахминан икки ҳафта» ичида якунланиши мумкинлигини айтди. «300 мингдан 222 минг нафари аллақачон ҳарбий қисмларда тайёргарлик жараёнида, 33 минг нафари жанговар қисмларда, 16 минг нафари эса жанговар топшириқларни бажарувчи қисмларда», деди Россия президенти.

Путиннинг сўзлари ҳудудий раҳбарларнинг сафарбарликнинг иккинчи тўлқини эҳтимоли ҳақидаги хабарлари фонида янгради. Кремль губернаторларнинг бундай даъволарини рад этди ва Путиннинг ўзи ҳам «қўшимча ҳеч нарса режалаштирилмагани»ни айтди.