Бугун, 20 октябр куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Электр энергетикаси факультети қошида ташкил этилган ўқув марказининг фойдаланишга топширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, янги ўқув маркази электр тармоқларини лойиҳалаштиришга мўлжалланган замонавий IT-хонаси, “ASKUE” фанидан лаборатория машғулотлари учун замонавий лаборатория хонаси ва “Электр таъминоти” ўқув полигонидан ташкил топган.

Ўқув маркази доирасида ташкил этилган ўқув хоналари бугунги кунда ишлаб чиқаришда амалда қўлланаётган замонавий дастурлар техник қурилмалар билан бойитилган бўлиб, буларнинг барчаси энергетика соҳаси учун малакали ва сифатли кадрлар тайёрлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Ўқув марказини ташкил этишдан мақсад – талабаларнинг мутахассислик фанлари бўйича олган назарий билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳада қўлланилаётган қурилмаларнинг ишлаш принциплари, уларнинг турлари бўйича амалий тасаввурга эга бўлиш имкониятини бериш ҳамда Ўзбекистон электр тармоқларини замонавий DigSilent дастури ёрдамида рақамли моделининг яратилиши муносабати билан талабаларнинг мазкур дастур билан ишлаш кўникмасини шакллантириш, электр энергетика тизимларини лойиҳалаш билан боғлиқ лойиҳаларга профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабаларни жалб этиш ҳамда электр таъминоти тизимида электр энергиясининг ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизимлари, жумладан, маиший истеъмолчилар ҳамда саноат корхоналарида электр энергия истеъмоли ҳисоби ва назорати тизимларини ташкил этиш жараёнлари билан таништириш ва мазкур тизимларни қуриш кўникмасини шакллантиришдан иборат.

Мазкур ўқув маркази “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида фойдаланишга топширилган бўлиб, мазкур лойиҳалар 2021 йилда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан Тошкент давлат техника университети ҳамкорлигида ўтказилган конференция доирасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ҳамда 2021-2026 йилларда “Электр таъминоти соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлашнинг йўл харитаси” ижроси доирасида амалга оширилди.















