Кузги мавсум ўйинларини қишки мавсум ўйинларида телеўйинни тарк этган Зафар Раҳимов жамоаси бошлаб берди.

1-раундда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли Ҳумоюн Мирзога қилган васияти ҳақидаги савол ўйналди. Жамоа бир дақиқа давомида саволни муҳокама қилган бўлса-да, тўғри жавобга етиб бора олмади. Ҳисоб – 0:1.

2-раундда билимдонларга блиц саволлари тушди. Гарчи жамоа блицнинг биринчи саволини осонлик билан топган бўлса-да, иккинчи савол улар учун қийинлик қилди. Ҳисоб – 0:2.

Кейинги раунд саволи Юсуф Мисрий ва унинг сафардан қайтган дўсти ўртасидаги суҳбат ҳақида бўлди. Жамоа муҳокамасида бир-биридан қизиқ турли вариантлар янграган бўлса-да, охирида уларнинг тўғри жавобга етиб бора олмагани маълум бўлди. Ҳисоб – 0:3.

Тўртинчи раундда жамоа II жаҳон уруши вақтида Амстердамни талон-торож қилган немислар ҳақидаги савол билан синовдан ўтказилди. Афсуски, жамоа бу гал ҳам вариантлар орасидан тўғри жавобни танлашда адашди. Ҳисоб – 0-4.

Жамоа мураккаб аҳволга тушиб қолди. Ҳисоб ҳам анча йирик кўриниш олди. Кейинги хатолар жамоага қимматга тушиши мумкин эди. Ўйин тизгинини қўлга олиш вақти келганди.

5-раунд саволи жамоанинг ўзига келиб олишига ёрдам қилди – тажрибали билимдон Умид Валиев Токиодаги компаниянинг қайси тоифа ходимларга қўшимча 6 кун таътил бериши ҳақидаги саволга муддатидан олдин жавоб берди. Ҳисоб – 1:4.

Навбатдаги раундда берилган соябонли светофорлар ҳақидаги саволга ҳам жамоа жавоб топишга эришди. Ҳисоб яна қисқарди – 2:4.

Жамоа аста-секин ўзига кела бошлаганди ҳамки, 7-раундда тушган яҳудийларнинг болалари нима учун ёшликдан скрипка чалишга ўргатилиши ҳақида савол уларни яна боши берк кўчага тиқиб қўйди. Ҳисоб аввалгидек йирик кўриниш олди – 2:5.

Энди жамоанинг хато қилишга ҳаққи йўқ эди. Анча муддат таътилдан кейин экран ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган жамоанинг илк ўйиндаёқ йирик ҳисобда мағлуб бўлиши кейинги мавсумлардаги иштирокни сўроқ остига қўярди.

8-раунд. Қаҳва ишлаб чиқарувчи компаниянинг Японияда қаҳва сотиш учун қўллаган ҳийласи ҳақидаги саволга жамоанинг энг ёш билимдони Суҳроб Шарипов тўғри жавоб бериб, жамоани курашга қайтарди. Ҳисоб – 3:5.

9-раунд саволи анча мураккаб бўлиб чиқди. Хивада минора қурилишида ишлаган усталарнинг минора тепа қисмини қуришда фойдаланган ҳавозалари ҳақидаги саволга жавоб бериш учун жамоа клуб ёрдамини ҳам, қўшимча бир дақиқани ҳам ишлатишга мажбур бўлди. Охирида қилинган ҳаражатлар ўзини оқлади – тажрибали Умид Валиев иккинчи бор тўғри жавоб бериб, ҳисобни 4:5 кўринишига келтирди.