– Ўзбекистон ҳам 2022 йилда давлат қарзи ва кредит жалб қилишни режалаштирган эди. Фоизлар ошиши бу масалага қандай таъсир қилади?
– Афсуски, фоиз ставкалари ошяпти. ФРТ ёки Европа марказий банкининг фоизларни ошириши ҳам глобал инфляцион ҳолатга боғлиқ. Масалан, АҚШ ва Европанинг талай мамлакатларида фоизлар жуда юқори. Шу сабабли ставкаларнинг ошиши ҳам табиий ҳисобланади. Бу бизга ўхшаган ривожланаётган мамлакатлар учун ижобий ҳолат эмас.
Айтишимиз мумкинки, 2022 йилда асосан халқаро молиявий институтлардан кредит жалб қилмоқдамиз. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа шу каби банклардан. Яхши тарафи, уларда ставкалар жуда ҳам паст бўлади. Тўғри, ҳозир бу ставкалар ҳам ошиб бормоқда. Аммо сўнгги 10-15 йилни олиб қарайдиган бўлсак, жорий ставкалар олдинги ставкалардан баланд эмас. Сўнгги 5 йилда ставкалар пастга тушган бўлиши мумкин, лекин ставкаларнинг кўтарилиши ва тушиши меъёрий ҳолат ҳисобланади.
Давлат қарзини бошқараётганда ва хусусий секторларга кредит жалб қилаётганда ҳар бир сценарийни инобатга олиш керак бўлади. Ўрта муддатли давлат қарзини бошқариш стратегиясида бу жиҳатлар инобатга олинган. Албатта, фоизлар ошишини кутгандик деб айтолмайман, аммо тайёргарлигимиз юқори эди.
– Форумнинг биринчи кунида кўплаб халқаро молиявий корхоналари билан кўплаб ташқи қарз битимлари имзоланди. Бу борада Ўзбекистон ниманидир гаровга қўйганми?
– Молия вазирлиги томонидан имзоланган кредит битимлари учун ҳеч қандай гаров қўйилмаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бўлаётган йирик иқтисодий ислоҳотлар ана шу халқаро ташкилотлар техник ёрдами орқали амалга оширилмоқда. Молиявий бозорларни ривожлантириш нуқтайи назаридан гапирадиган бўлсам, бозорни шакллантириш бўйича Осиё тараққиёт банки билан имзоланган дастуримиз бор эди. Шу дастур бажарилгач, ўтган йили 150 млн доллар кредит жалб қилишга эришган эдик. Шунинг иккинчи траншини кейинги йилга мўлжаллаганмиз. Ҳозирда Осиё тараққиёт банки билан қарзнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритишга оид янгиланган дастур ишлаб чиқишда ҳамкорлик қиляпмиз.
Шунингдек, Жаҳон банкидан жалб қилинаётган маблағлар ислоҳотлар учун ажратилади ва биздаги бу ислоҳотлар президентимиз томонидан тасдиқланган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт дастурига кирган ислоҳотлардир. Бу ислоҳотларни халқаро тажрибалар орқали амалга оширишимиз керак ва ундан кейин бизга кредит маблағлари берилади. Бу иккала тараф учун ҳам фойдали ва манфаатлидир.











