Раият ўртасидаги узвий меҳр-муҳаббат, ўзаро ишонч, маъмурчилик ва фаровонликка эришишга интилиш ҳиссини янада такомиллаштириш борасидаги эзгу ва бахайр ибратли фазилатларни тўла намоён қила оладиган енгилмас куч бу МАЪНАВИЯТ ҳисобланади. Баайни Республикамиз бўйлаб қутлуғ сафарга отланган “Маданият карвони” жойларда “Маънавият фестивали” доирасида кўплаб кечиктириб бўлмас хайрли ишларни амалга оширишга муваффақ бўлаётгани алоҳида эътироф этишга лойиқ ҳаётий жараёндир. Муайян асосларга эга тизимли ижтимоий лойиҳаларни қўллаш ва маърифий тадбирларни амалга ошириш давомида ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир ҳудудга кўплаб таниқли олимлар, зиёлилар, ижодкорлар ҳамда санъат аҳли жалб этилиб, улар гуруҳларга бўлиниб, республикамизнинг энг чекка қишлоқ, овулларигача бориб, маҳаллий аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар уюштириб, уларнинг ўй-ташвишлари, қувонч-у ютуқларига шерик бўлишиб, барча жабҳаларда ҳамдард-у ҳаммаслак бўлишмоқда.

Бинобарин, одамлар қалбига илиқлик олиб кираётган, эл-юртда илм-маърифат нурларини янада кенг тарғиб этиб, зиёлиларни маънан бирлаштираётган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилаётган “Маданият карвони” ҳамда “Маънавият фестивали”нинг навбатдаги манзили Навоий вилояти бўлди. Пойтахтдан йўл олган 150 нафардан ортиқ зиёлилар, ижодкорлар, санъаткорлар Навоий шаҳар темирйўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди. Шундан сўнг тарғиботчилар вилоятдаги 326 маҳалладаги маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиш учун белгиланган манзилларга йўл олишди.

Фестивалнинг дастлабки куни Навоий шаҳридаги файзбахш "Алишер Навоий боғи" дам олиш мажмуасида “Маънавият кубоги” лойиҳаси доирасида “Соғлиқ учун 5000 қадам” марафони ташкил этилди. Унда 2000 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.