"Маданият карвони" ва "Маънавият фестивали" барчани эзгу мақсад йўлида бирлаштирмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Маданият карвони” ҳамда “Маънавият фестивали” бугунга келиб кўпчиликнинг қалбидан жой олди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Ҳар бир ҳудудда 150 нафардан ортиқ олимлар, зиёлилар, ижодкорлар, санъат аҳли, киноактёрлар энг чекка қишлоқ, маҳаллаларда бўлиб, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашмоқда. Уларнинг дарду ташвишлари, қувонч-у ютуқларига шерик бўлишиб, ҳамдард-у ҳаммаслак бўлаётгани аҳолининг кайфиятини кўтараётгани ҳам рост гап. Айтиш керакки, бунда юртдошларимиз орасида ўзаро меҳр ришталари боғланмоқда, юракларга эзгулик куртакларини қадамоқда. Зеро, одамлар қалбида юксак инсоний фазилатлар, илм-маърифат, меҳр-саховат, ҳамжиҳатлик, бирдамлик каби туйғулар куртак ёзганининг ўзи маънавиятдир.

Ана шундай ҳаётбахш мақсадларни кўзлаган “Маданият карвони” ва “Маънавият фестивали”нинг навбатдаги манзили Наманган вилояти бўлди. Куни кеча 200 нафарга яқин зиёлилар, актёрлар, шоир ва ёзувчилар Поп туман темирйўл вокзалига етиб келишди, тарғиботчилар тантанали равишда кутиб олинди.

Фестивалнинг дастлабки куни “Китоб карвони” лойиҳаси амалга оширилди. Китобхонлик маданиятини ошириш, ёш авлодда мутолаага бўлган иштиёқ ва меҳрни юксалтириш мақсадида жаҳон ва миллий адабиётимиз дурдоналаридан иборат 8 мингдан зиёд китоблар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари томон йўл олди.

Тадбир давомида қатор танловлар совриндорлари тақдирланиб, уларга китоблар жамланмаси ва эсдалик совғалари топширилди.