Cуд мажлиси...

“Тўғри, мен фермер хўжалиги ишларини хат-ҳужжат бўйича нотўғри, рисоладагидай қилмагандирман, лекин шу белгиланган намуна шартномаларга ўқиб-ўқимай, тушуниб-тушунмай имзо қўйдим, ҳоким бобонинг топшириқларини бажардим, агрохизматнинг, нефтбазанинг, банкнинг, суғурта ташкилотининг айтганини қилдим, шундай бўлса-да, режадаги ҳосилни минг азобда етиштирдим ёки буларнинг айби билан – суғурта ҳодисаси бўлди ё банк кредитни вақтида бермади ёхуд ёқилғи вақтида берилмади, ўғитни-ку гапирманг, шартномада кўрсатилган ўғитнинг ярмини ҳам олганим йўқ, “ведомост”га тўлиқ олдим, деб имзо қўйганман, менга берилган ерни мана шунча қисми аллақачон бошқага ўтиб кетган, шунинг учун белгиланган ҳосилни етиштира олмадим.

Кадастрга бордим, кластерга бордим, ҳокимга бордим, қуруқ гап, натижа йўқ... Судга бердим, беришди (фермер даъвогар бўлса, бошқа ташкилотларни судга берган, фермер жавобгар бўлса, уни бошқа ташкилотлар судга беришган).

Қози бобо, мана, суғурта билан судлашяпман, ҳамма яхши билади, бирор марта суғурта ўз ихтиёрий билан суғурта товонини тўлаб берганми? Тўламайди, шартномада ундай жойи бор, бундай жойи бор, имзолагансиз, дейди. Имзолаган бўлсам, майли, лекин суғурта ҳодисаси бўлдими, экинларимни шамол учириб кетдими, нобуд қилдими, яна нима керак суғурта ҳодисаси бўлиши учун? Далолатнома дейди, бало дейди, ҳамма билган ҳодиса, шамол нафақат экинларни, балки шу ҳудуддаги аҳоли уйининг томларини ҳам учириб кетди-ку, шу ҳолатда ҳам далолатнома тузмаганим, хулоса олмаганим, суғурта оладиганлар рўйхатида бўлмаганим менинг айбимми?..

“Томчилатиб суғор”, дейди. Мажбурлаб кредит шартнома қилдирди, тендерда ютган бир ташкилот томчилатиб суғориш учун зарур ускуналарни олиб келиб ташлади, мен энди кредит тўлашим керак. Ахир томчилатиб суғорадиган ускунани ишлатмадим-ку, ускуналарни улаш учун сув манбайи ҳам йўқ-ку, буни ким эътиборга олади.

“Шартнома туз, бўлмаса, ерни топшир”, деди, шартнома туздим, томчилатиб суғоришни йўлга қўйганимда ҳам алам қилмасди, буни йўлга қўйиш менинг қўлимдамас-ку, сув манбайига улаб беришмаяпти, сув йўқ, демак, шартномани мен бузмаганман, нима учун мен кредит тўлашим керак?

Қози бобо, мен тушунмадим, шартномага имзо қўйган бўлсам, вояга етган бўлсам, юқорида айтганимдай, “хат-ҳужжат”га нўноқ бўлсам, бу қоғоз ишини тўғри қилмаган бўлсам... Кредит ол, кредитга кафил бўл, дейишди, кредит олдим, кафил бўлдим, лекин бировнинг пулини емадим, ҳалол ишлаб оила боқяпман, ҳамқишлоқларни иш билан таъминлаганман, сайёр суд қилиб кўринглар, ҳақиқатан ҳам совуқни-совуқ, иссиқни-иссиқ, демай ишлаганман, “катталар” нима деса хўп деганман, йўқ демаганман, ҳомийлик ҳам қилганман керак бўлса, лекин зарарни ҳам мен тўлайми, дардимни суд бўлиб сизлар эшитмасангиз, ким эшитади?