Аргентина вице-президенти Киршнер 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Кристина Фернандес де Киршнер фирибгарликда айбдор деб топилди. Апелляция шикоятлари кўриб чиқилмагунча ҳукм қонуний кучга кирмайди. Аргентина вице-президенти ва собиқ давлат раҳбари таъқиб қилинишдан иммунитетга эга.
Аргентина вице-президенти ва собиқ президенти Кристина Фернандес де Киршнер олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва унга умрбод давлат лавозимларида ишлаш тақиқланди. У уч судьядан иборат ҳайъат томонидан давлат раҳбари бўлган даврида расмийлар давлат лойиҳаларидан 1 миллиард доллар (956 миллион евро) ўзлаштирган фирибгарлик схемасида айбдор деб топилди. Суд жиноий ташкилотга раҳбарлик қилиш айбловини рад этди, ушбу моддага кўра жазо 12 йил қамоқ жазоси бўлиши мумкин эди.
AP таъкидлашича, бу Аргентина вице-президенти лавозимида ишлаётган вақтида судланиши билан боғлиқ биринчи ҳолат. Апелляция шикоятлари кўриб чиқилмагунча ҳукм кучга кирмайди, бу жараён йиллар давом этиши мумкин, дейди AP. Айни дамда Аргентина вице-президенти жиноий жавобгарликка тортилмаслик ҳуқуқига эга.
Кристина Фернандес де Киршнер ҳукмни танқид қилиб, ўзини «суд мафияси» қурбони деб атади. Кейинроқ у 2007-2015 йилларда эгаллаган президент лавозими учун навбатдаги, келаси йили бўлиб ўтадиган сайловларда ўз номзодини қўймаслигини маълум қилди.
Собиқ президент тарафдорлари умуммиллий иш ташлаш эҳтимолини эълон қилишди. Улар Буэнос-Айрес марказида йиғилиб, Киршнерни айбдор деб топган федерал суд биноси томон юришди. Юриш иштирокчилари барабанлар чалиб, бақирган, полиция тўсиқларини енгиб ўтишган.
1 сентябрь куни 69 ёшли Кристина Киршнерга суиқасд уюштирилди. Суиқасд Аргентина вице-президентининг Буэнос-Айресдаги уйи олдида содир этилган. Амалдаги давлат раҳбари Алберто Фернандес телевидение орқали қилган чиқишида айтганидек, оломон орасидан бир киши Киршнерга қурол кўрсатиб, тепкини босган, бироқ ўқ узилмаган. Ҳужум қилган шахс қўлга олинди.
2018 йилда Аргентинанинг собиқ иқтисодиёт вазири ва собиқ вице-президенти Амадо Буду коррупцияда айбланиб, беш йил-у ўн ойга қамалган эди.
Мавзуга оид
16:12 / 23.10.2024
Аргентинада солиқ хизмати тугатилди
13:19 / 07.10.2024
Инфантино ва «футзал Пелеси» келган, Бразилиянинг омади чопган финалдан эксклюзив фотожамланма
20:30 / 24.09.2024
Аргентина суди Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳибсга олишга ордер берди
23:23 / 30.08.2024