Тадбир давомида ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раҳбари топшириқлари ижроси ҳолати, ташкилотга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокараларни якунлашни жадаллаштириш чора-тадбирлари, мавзуга оид ишчи гуруҳлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Айни босқичда вазирлик ва идоралар ЖСТга аъзо давлатлар товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича янгиланган таклифлари асосида қўшимча музокаралар позицияларини ишлаб чиқиш жараёнини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

ЖСТга аъзо давлатлар билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокаралар навбатдаги раундларини, аввал эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан ташкилот котибияти билан маслаҳатлашувларни ўтказиш доирасида аниқ вазифалар белгиланди.

Йиғилиш якунига кўра, тематик ишчи гуруҳларга кун тартибидаги тегишли йўналишлар бўйича ҳар ҳафта амалий семинарлар ўтказиш ҳамда республика ЖСТга кириши жараёнида кейинги музокараларни сифатли ташкил этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.