Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказди.
Ўзбекистон президенти сўзи аввалида кўп миллатли халқимиз ва шахсан ўз номидан Қозоғистон президенти ва қардош халқини яқинда нишонланган Мустақиллик байрами билан табриклади.
Қардош ўзбек ва қозоқ халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғлангани таъкидланди.
«Умумий тарихимиз, маданий ва маънавий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бизни бирлаштириб туради. Қозоғистон Ўзбекистон учун энг яқин, ишончли ва давр синовидан ўтган ҳамкордир.
Бугунги мураккаб замонда ўзаро муносабатларимиз давлатлараро ҳамкорликнинг намунаси бўла олади, деб ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкин», – деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон президенти бўлиб ўтган музокаралар Ўзбекистон ва Қозоғистон икки томонлама муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ва бойитиш, уларга сифат жиҳатидан янги амалий мазмун беришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаганини таъкидлади.
Қардош халқларнинг туб манфаатларига тўлиқ жавоб берувчи Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзолангани ташрифнинг энг муҳим натижаси бўлди.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари даражасидаги Давлатлараро кенгаш тузилмоқда.
«Бу билан бир-биримизни фаол қўллаб-қувватлашга, замон хатарлари олдида елкама-елка қатъий туришга тайёрлигимизни тасдиқладик», – деди Шавкат Мирзиёев.

Қабул қилинган навбатдаги муҳим ҳужжат - биродар мамлакатларимиз ўртасидаги чегараларнинг ҳуқуқий расмийлаштирилишини тўлиқ якунига етказган Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартнома.
«Бу чинакам тарихий воқеа. Ҳеч шубҳасиз, чегараларимиз доимо ҳақиқий дўстлик ва яхши қўшничилик ҳудуди бўлган ва шундай бўлиб қолади», – деди Ўзбекистон президенти.
Фаол сиёсий мулоқот туфайли барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришилгани, кенг кўламли ҳамкорлик жадал суръат билан ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар ошгани ва беш миллиард долларга яқинлашгани бунинг тасдиғидир.
«Биз учинчи мамлакатларнинг қиммат импорти ўрнини ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотлари билан тўлдириш орқали бу кўрсаткичларни яқин орада каррасига оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик», – деди Шавкат Мирзиёев.

















