Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда мактаб йилларини эслаб, ўша даврда ўқувчилар ҳар йили 4–5 ойлаб пахта йиғимига жалб қилинганини айтди.
«Мен 11 йиллик мактаб аттестатини олганман. Лекин 11 йил тўлиқ ўқимаганман. Мактабга борганман, аммо ҳар йили 4–5 ой пахтада бўлганман», – деди президент.
Давлат раҳбари болаларнинг ўқиши, изланиши, камол топиши ва катта орзулар билан яшаши учун шароит яратилганини таъкидлади.
«Таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғинидир», – деди президент.
Ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд боғча ва мактаб замонавий кўринишга келтирилди.
Давлат раҳбари таълимда бинолар ва шароит билан бирга, энг аввало, мазмун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Биз болаларимизни пахта даласидан мактаб партасига, ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтардик», – деди у ислоҳотларнинг энг катта натижаси ҳақида тўхталиб.
Ҳар бир бола ўқиши, изланиши, камол топиши ва катта орзулар билан яшаши керак. Бу орзулар рўёбга чиқиши учун эса энг яхши дарсликлар, кучли ва малакали ўқитувчилар зарур.
«Биз бугун болага нимани берсак, эртага унинг натижасини мамлакат келажагида кўрамиз», – деди президент.
















