Жаҳонда чорак асрда биринчи марта бир вақтнинг ўзида ўта қашшоқлик ва ўта бадавлатлик даражаси ошиб боряпти. Корпорациялар ва уларнинг эгалари турли инқирозлардан фойда кўряпти. Бу 16 январь, душанба куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумининг биринчи кунида эълон қилинган Oxfam хайрия ташкилотлари ассоциацияси йиллик ҳисоботида айтилган.
«Энг бойларнинг омон қолиши» деб номланган ҳисоботда айтилишича, жами 26 триллион доллар ёки 2020 йилдан бери COVID-19 инқирози даврида тўпланган глобал бойликнинг деярли 62 фоизи энг бой 1 фоиз одам қўлига ўтган. Аҳолининг қолган 99 фоизига атиги 16 триллион доллар ёки бу ўсишнинг 38 фоизи тўғри келган.
Ўтган йили миллиардерларнинг бойлиги «озиқ-овқат ва энергетика компанияларининг осмонга кўтарилган даромадлари» туфайли яна кўпайди. Oxfam маълумотларига кўра, ушбу компанияларнинг 95 фоизи 2022 йилда ўз даромадларини икки баравардан кўпроққа оширган.
Шу билан бирга, инфляция ҳозирда иш ҳақи ўсишидан юқори бўлган мамлакатларда камида 1,7 миллиард ишчи истиқомат қилади, дейилади ҳисоботда. 820 миллиондан ортиқ одам, яъни Ер юзидаги ҳар ўнинчи киши очликдан азият чекмоқда. Айни пайтда дунёда оч қолганларнинг қарийб 60 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади.
Бу, эҳтимол, Иккинчи жаҳон урушидан бери глобал тенгсизлик ва қашшоқликнинг энг катта ўсишидир, деб ёзади ташкилот Жаҳон банки маълумотларига таяниб. Oxfam бутун дунё ҳукуматларини қашшоқлик ва очлик тарқалишини тўхтатиш учун бойлик, шунингдек, коронавирус пандемияси ва инфляция натижасида келиб чиқадиган «ортиқча кутилмаган фойда»га солиқларни оширишга чақирди.
Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазири Свеня Шульце Oxfam ҳисоботидаги хулосаларни «хавфли» деб атади.
«Пандемия, можаролар ва охирги, лекин энг муҳими - Россиянинг тажовузкор уруши бизни қашшоқлик, очлик, соғлиқни сақлаш ва таълим нуқтайи назаридан бир неча йил орқага қайтарди, бойлар эса янада бойиб кетишди, - деди у журналистларга. - Бутун дунёда тенгсизликни камайтирмасак, биз бу инқирозларни енгиб чиқа олмаймиз», - дея огоҳлантирди сиёсатчи.











