Украинанинг Россия энергетика инфратузилмасига қарши дрон ҳужумлари Марказий Осиё энергетика бозорида жиддий ўзгаришларни юзага келтиряпти. Узоқ муддатда Россия минтақадаги таъсир воситалари ва бозор улушидан айрилиши мумкин, Марказий Осиё давлатлари ёқилғи таъминоти манбаларини диверсификация қилишга шошилмоқда, дея ёзади Eurasianet нашри.

Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига уюштираётган такрорий ҳужумлари сабабли Кремл ички бозорда тобора кучайиб бораётган танқисликни юмшатиш учун бензин ва авиация ёқилғиси каби нефт маҳсулотлари экспортини чеклашга мажбур бўлди. Бу эса Марказий Осиё давлатларини куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган энергетик инқирознинг олдини олиш учун муқобил таъминот манбаларини излашга ундаяпти.

Шу пайтгача Қирғизистон ва Тожикистон ёқилғи таъминотининг қарийб 90 фоизини Россия ҳисобидан қоплаб келган. Жорий вазиятда Россияга таъминотчи сифатида аввалгидек таяниб бўлмайди. Масалан, июл ойи охирида Россия Қирғизистоннинг йил охиригача бўлган эҳтиёжини қоплаш учун зарур бўлган ёқилғининг атиги ярмини етказиб беришга рози бўлди. Бу ойига тахминан 100 минг тонна нефт маҳсулотини ташкил этади.

Етишмаётган ҳажмни қоплаш учун расмий Бишкек Ўзбекистон ва Қозоғистон ёқилғи етказиб бериш бўйича келишувларга эришди. Шунингдек, Беларус ва Хитойдан ҳам импорт амалга ошириляпти. Қирғизистон расмийлари қўшимча ёқилғи олиш бўйича Туркия ва Европа Иттифоқи билан ҳам музокара олиб бормоқда.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати маълум даражада ўзини ўзи таъминлаш имкониятини яратишга ҳам ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда йилига қарийб 450 минг тонна нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қодир завод қурилиши лойиҳаси жадаллаштирилган. Бу ҳажм мамлакат йиллик талабининг қарийб чорак қисмини қоплашга етади. Завод 2026 йил охиридаёқ ишга туширилиши мумкин.