Kun.uz олдинроқ ташқи миграция муаммоларига доир суриштирув эълон қилганди. Унда талабгорларни Жанубий Кореяга юбориш соҳасида жойларда яширин коррупция гуллаётгани ҳамда коррупцион схема Японияга ишга бориш йўналишида ҳам татбиқ этилаётгани ҳақида сўз юритилган эди.

Kun.uz суриштирувидан сўнг ўша пайтдаги бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, ҳозирги камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Нозим Ҳусанов билан суҳбат уюштирилди. Собиқ вазир суҳбатда нега япон ташкилоти (JIC) билан ўрнатилган келишувга мувофиқ ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилмаётгани ҳақидаги саволга “япон ташкилоти барча ўзбекистонликлардан пул олмоқчи экан, биз бунга рози бўлмадик” маъносида жавоб берганди.

Таҳририят электрон манзилига JIC компанияси раҳбаридан мактуб келди. Мактубда собиқ вазирнинг иддаоларига раддия берилган.

Шундан сўнг JIC раҳбари Ацуо Тэдзука билан алоқага чиқилди ҳамда ҳолатни батафсилроқ тушунтириб бериш сўралди. У Kun.uz'га қуйидагиларни гапириб берди:

“Собиқ вазир Ҳусанов жаноблари Японияга келганда молиявий масалалар ҳақида умуман гап боргани йўқ. Биз томондан “фақат биз орқали ишлайсизлар” деган гап ҳам бўлгани йўқ, зотан марказ иш берувчилар томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Биз ўзбеклардан пул олиш нарёқда турсин, аксинча, марказимизни юритиш учун белгиланган, иш берувчи компаниялар томонидан ажратиладиган мукофот маблағларининг бир қисмини Агентликка йўналтиришни таклиф қилдик. Собиқ вазирнинг сизга берган жавоби ва бизга берган тушунтириши тамомила фарқли.

Бу ижтимоий лойиҳа бўлиб, унда ишчи фуқаролардан пул олинмаслиги, аксинча фаолиятимиз Япониядаги HR федерацияси ва корпорациялари томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Ва бунда Япония иш берувчилари томонидан, ҳали айтганимдек, Ташқи меҳнат миграциясига ҳам хизмат ҳаққи тўланиши кўзда тутилган ва бу шартномада очиқ-ойдин кўрсатилган.

Япония меҳнат бозорида Ўзбекистон сегментини яратиш учун бизга ҳукуматингиз томонидан ҳамкорлик ёки кўмак бўладими, йўқми, барибир бошлаган ишимизни Япон тили ва касбий малака маркази, Ниппон академияси, хусусий сектордаги ҳамкорлар билан давом этиб, ўзбек ишчиларини Японияда ишга жойлаштириш учун кўмаклашаверамиз. Ва бу лойиҳадан ҳар икки мамлакат халқи манфаатдордир.