
1960-1990 йиллар давомида Жанубий Кореяда юз берган ривожланиш жараёни иқтисодиёт дарсликларида “мўъжиза” деб таърифланади... Сабаби маълум: икки Кореянинг ўзаро урушидан кейинги 30 йил давр мобайнида Жанубий Корея энг камбағал давлатлар сафидан энг ривожланганлар қаторига кириб олди.
Қуйидаги жадвалда кўк ранг билан аҳоли жон бошига ички ялпи маҳсулотнинг Жанубий Кореядаги ўсиш динамикаси кўрсатилган, қизил билан – дунё бўйича.

1960 йилда Жанубий Кореянинг ўртача фуқароси дунёнинг ўртача фуқаросидан 8 марта камбағал бўлган бўлса, 2020 йилга келиб ундан 3 баробар бой бўлиб олди. 2021 йил кўрсатгичларига кўра, Жанубий Корея, аҳолиси нисбатан кам бўлишига қарамай, дунёнинг энг йирик ўн иқтисодиёти қаторига киради.
Бундай оламшумул натижаларга ҳарбий диктатор Пак Чон Хининг агрессив индустриал сиёсати сабаб бўлган дейиш одатга айланган: Пак Чон Хи нуфузли оилалар томонидан бошқариладиган Samsung, LG, Hyundai, Daewoo каби катта конгломератлар тизимини ривожлантирган. Бу монопол компаниялар ҳукуматнинг яққол фаворитлари (эркатойлари) бўлган ва барча мавжуд преференциялардан фойдаланган. Мамалакатдаги барча тижорий банклар давлат тасарруфига ўтказилгани боис, мазкур конгломератлар инфляция кўрсаткичларидан-да паст ставкада кредитлар олишарди, бошқа компаниялардан кўра икки баробар кам даромад солиғи тўлашарди... Шу билан бирга, банкрот бўлишдан деярли кафолатланган “хавфсизлик ёстиғига” эга эдилар.
60-йиллар бошида мазкур сиёсат мамлакат эскпортини ривожлантиришга хизмат қилишидан умид қилинди. Ва Пак Чон Хи ҳукумати бунга эришди ҳам. Аммо 80-йилларга келиб, ҳукумат ўз қўллари билан яратган чуқурга тушаётгани аён бўлиб қолди.
1979 йилда ўлдирилган Пак Чон Хининг ворисларига монополистларни қўллаб-қувватлашдан бошқа йўл қолмаган эди, чунки у пайтга келиб, бутун иқтисодиётнинг 70 фоизи монополистларнинг қўлида эди ва улардан бирининг инқирозга учраши улкан кўламдаги занжир реакциясини келтириб чиқариши аён эди.





