Hyundai компанияси Palisade флагман кроссоверининг янгиланган версиясини тақдим этди. Автомобил янги модификацияларга эга бўлди ва стандарт жиҳозлари бойитилди.

Асосий янгилик — High Roof модификацияси. Том баландлигининг 240 мм га оширилиши ҳисобига салонда бош устидаги бўш жой сезиларли даражада кенгайди; шу билан бирга, автомобилнинг умумий баландлиги 2005 мм ни ташкил этади — бу стандарт ерости автотураргоҳларига  кириш учун етарли. Ташқи кўринишидан High Roof кузов рангидаги алюминий қопламали том устқурмаси, қора дераза ҳошиялари ва 21 дюймли енгил қотишмали ғилдирак дисклари билан ажралиб туради.

005
Hyundai

Энг юқори комплектацияда автомобил стандарт тарзда Preview ECS осма тизими билан жиҳозланади: у йўлни олдиндан сканерлаш ва амортизаторлар ишини автоматик равишда созлаш учун олд камера ва навигация тизими маълумотларидан фойдаланади.

010
Hyundai

Интерьерда кенглик ва ҳашамат ҳиссига алоҳида урғу берилган: том конструкциясида диодли чироқлар, вентиляция дефлекторлари, иқлим назорати панели, стандарт 21,4 дюймли дисплей ва Starry Sky (юлдузли осмон) номли декоратив ёритгич кўзда тутилган.

007
Hyundai

Қўшимча опция сифатида VIP Package 2 тўплами мавжуд: у иккинчи қатор учун иккита симсиз қувватлантириш майдончасига эга консол, UV‑C стерилизация функцияли ўрнатилган ҳаво тозалагич, ҳароратни назорат қилувчи стакан тутқичлар ва махсус гиламчаларни ўз ичига олади. Салон етти ёки тўққиз ўриндиқли уч қаторли тузилишини сақлаб қолган.

004
Hyundai

Шунингдек, Black Ink ва XRT версиялари ҳам пайдо бўлди. Биринчиси Calligraphy модификациясига асосланган бўлиб, безакдаги тўқ рангли деталлар, тегишли тимсоллар ва 21 дюймли дисклар билан ажралиб туради. Иккинчи қатордаги ўриндиқлар нуқтали массаж функциясига эга.

Иккинчиси эса йўлтанламас услубидаги стайлинг-тўплам бўлиб, у махсус радиатор панжараси, қўшимча ҳимоя қопламалари, томдаги рейлинглар ва 20 дюймли ғилдираклари билан фарқланади. Композицияни 14 динамикли Bose аудиотизими ва иккинчи қатор ўриндиқларининг вентиляцияси якунлаб беради.