Ҳужжат давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартибини белгилайди.
Услубиётга кўра, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан асосий мақсад давлат органлари функцияларини бажариш жараёнида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш, уларнинг хавф даражасини баҳолаш ва ўрта ҳамда юқори хавфли жараёнлар бўйича тегишли чораларни белгилашдан иборат.
Баҳолаш натижасида жараёнлар реестри, коррупциявий хавф-хатарлар харитаси, уларни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда коррупциявий хавфи ўрта ва юқори бўлган лавозимлар рўйхати шакллантирилади.
Бундан ташқари, коррупцияга мойил муносабатларнинг электрон реестри юритилиши ва мониторинг ҳисоботи тайёрланиши назарда тутилган.
Раҳбар шахсан жавобгар бўлади
Давлат органи ёки ташкилотининг биринчи раҳбари коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашни лозим даражада ташкил этиш, натижаларнинг тўлиқ ва ишончли бўлишини таъминлаш ҳамда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Коррупциявий хавфларни баҳолашда давлат харидлари, бюджет маблағлари, субсидия ва грантларни тақсимлаш, лицензия ва рухсатномалар бериш, давлат хизматларини кўрсатиш, ходимларни ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш каби жараёнлар қамраб олинади.
Шунингдек, давлат активларини бошқариш, жарима ва санкциялар қўллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тергов ва суриштирув, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат ва шикоятларини кўриб чиқиш каби йўналишларда ҳам коррупция хавфи баҳоланади.
Қайси ҳолатлар шубҳали деб баҳоланади?
Ҳужжатда коррупция хавфини кўрсатиши мумкин бўлган бир қатор шубҳали ҳолатлар белгиланган. Улар орасида ходимнинг кенг дискрецион ваколатларга эгалиги, қарор қабул қилиш мезонларининг аниқ белгиланмагани, манфаатдор шахслар билан бевосита мулоқот имконияти ва мустақил назорат механизмларининг етарли эмаслиги бор.
Шунингдек, қарорни асоссиз рад этиш, кечиктириш ёки тезлаштириш имконияти, жараённинг бир нечта муҳим босқичини битта шахс бажариши, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва қарорларни етарли назоратсиз ёпиқ тартибда қабул қилиш ҳолатлари ҳам алоҳида таҳлил қилинади.








