Жаҳон | 11:21 / 26.01.2023
7005
2 дақиқада ўқилади

Алексей Навалний ўн биринчи марта жазо камерасига юборилди

Август ойи ўрталаридан бери мухолифатчига жами 113 кун жазо камерасида ўтириш тайинланган. Нобел мукофоти совриндорлари Дмитрий Муратов ва Мария Ресса Қизил Хоч ташкилотини Навалний тақдирига аралашишга чақирди.

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP Photo/picture alliance

Колонияда жазони ўтаётган таниқли россиялик мухолифатчи Алексей Навалний ўн биринчи марта жазо камерасига (ЖИЗО) жойлаштирилди, деб хабар қилди сиёсатчи жамоаси 25 январь, чоршанба куни Telegram'да. Август ойидан бери Навалнийга ЖИЗОда жами 113 кун тайинланган.

Хабарда Навалнийнинг ўзига кўрсатилаётган босимдан шикоят қилган баёноти бор. «Бу менга сиёсий фаолият билан боғлиқ ҳолда амалга оширилаётган мураккаб босим: улар цензурани жорий қилишди, мени жазо камерасида ушлаб туришди, олдимга руҳий носоғлом одамни киритиб қўйишди, адвокатларни киритишмаяпти, бу панжарани ўрнатишди», деди сиёсатчи.

Бир кун олдин, Германия пойтахти Берлинда, Россия элчихонаси биноси олдида Навалний юз кундан ортиқ вақт ўтказган ЖИЗО камерасининг нусхаси ўрнатилган. Объектни мухолифатчининг укаси Олег Навалний ва сиёсатчининг иттифоқчиси Леонид Волков тақдим этган. Волковнинг сўзларига кўра, ЖИЗО камерасининг нусхаси бошқа Европа давлатларида ҳам вақтинча ўрнатилади.

Айни пайтда, Нобел мукофоти лауреатлари Дмитрий Муратов ва Мария Ресса Навалний тақдирига аралашиш илтимоси билан Халқаро Қизил Хоч қўмитасига мурожаат қилишди. Улар ўз мактубида Навалний 2021 йил январида ҳибсга олинган пайтдан бошлаб ҳамда колония ва тергов изоляторида бўлган вақтида «таниб бўлмас даражада ўзгарганини» қайд этган.

Мавзуга оид