Ўзбекистон | 11:43 / 03.02.2023
8985
3 дақиқада ўқилади

Яшаш жойидан чиқиши чекланган шахсларни назорат қилувчи электрон браслетлар учта вилоятда синовдан ўтказилмоқда

Синов давомида маҳкумларда кузатилган қурилмани тақиб юриш билан боғлиқ ноқулайликлар, электрон браслетнинг саломатликка ножўя таъсири ва бошқа ҳолатлар бўйича аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.

Фото: ИИВ ЖХД Пробация хизмати

2021 йилда эълон қилинган президент қарори лойиҳасида биринчи марта озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган ва қатъий тузалиш йўлига ўтган маҳкумларни манзил-колонияга ўтказиш амалиётини бекор қилиб, уларни шартли озодликка чиқариш асосида пробация назоратига олиш, бундай назоратдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларини электрон браслет орқали реал вақт режимида электрон кузатиш тартиби жорий этилиши айтилганди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони билан тасдиқланган ички ишлар органлари тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда 2021 йил 15 октябрдаги “Ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорида пробация хизмати назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан мониторинг қилиш учун “электрон браслетдан фойдаланиш амалиётини жорий этиш” вазифаси юклатилган.

Қайд этилишича, Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан озодликни чеклаш тарзидаги жазога ҳукм қилинган шахсни масофадан туриб назорат қилиш учун электрон браслет ва ушбу воситани қўллаш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқилган. Электрон браслет Сирдарё, Наманган ва Жиззах вилоятларида жорий этилиб, ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ҳисобида туриб, озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахслар яшаш манзилларининг турли хил географик жойлашувини инобатга олган ҳолда ҳамда ҳудудларда фаол ишловчи мобиль алоқа компанияларида синовдан ўтказилмоқда.

“Электрон қурилмани синовдан ўтказиш натижаларига кўра, маҳкумлардан қурилмани тақиб юриш билан боғлиқ ноқулайликлар, унинг соғлиқларига ножўя таъсири ва бошқа техник ҳолатлари бўйича аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.

Озодликни чеклаш тарзидаги жазога ҳукм қилинган шахсларни масофадан туриб назорат қилиш учун электрон браслет воситасини қўллаш Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази ва Пробация хизмати ҳамкорлигида республикамизнинг барча ҳудудларида синовдан тўлиқ ўтказилиб, амалиётга жорий этилади”, дейилади Kun.uz’га тақдим этилган расмий маълумотда.

Мавзуга оид