Чоршанба куни АҚШ президенти Варшавада НАТОнинг шарқий чегаралари бўйлаб жойлашган «Бухарест тўққизлиги» давлатлари етакчилари билан учрашди.

Ҳафта бошида Байден Киевга келган, бу ердан Полшага қайтган ва сешанба куни кечқурун ушбу мамлакатдаги демократияни ҳимоя қилиш ҳақида нутқ сўзлаганди.

Шарқий иттифоқчилар билан учрашув чоғида Байден нафақат украинлар озодлиги, балки «бутун Европа ва бутун дунёдаги демократия эркинлиги» ҳам Украинадаги уруш натижасига боғлиқлигини маълум қилди.

Вашингтоннинг иттифоқчилар олдидаги мажбуриятларини президент Байден муқаддас бурч деб атади.

«Биз НАТО ҳудудининг ҳар бир дюймини ҳимоя қиламиз», деди у.

Президент шунингдек АҚШ ўз мустақиллигини ҳимоя қилаётган украинларни қўллаб-қувватлашда давом этишига яна бир бор ваъда берди.

«Ўртага фақат Украина эмас, балки эркинлик ҳам тикилган», деди у.

Байден Владимир Путиннинг Россия икки мамлакатдаги ядро арсеналини чеклашга қаратилган Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича келишувдаги иштирокини тўхтатиши қарорини хатолик деб атади, аммо бу борада қўшимча гап айтмади.

Алянс бош котиби Йенс Столтенберг эса АҚШ президентининг шу кунларда Киевга амалга оширган ташрифини Европа хавфсизлиги - Вашингтоннинг устувор йўналишларидан бири экани ҳақида аниқ сигнал деб атади.

Алянс раҳбари президент Путин тинчликка эмас, балки янги урушга тайёрланаётгани, шу туфайли Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

«Биз уруш қачон якунланишини билмаймиз, аммо у якунланганида биз бу тарих такрорланмаслигига амин бўлишимиз зарур», деган у ва Россиянинг Европа хавфсизлигини «бузишда давом этиши»га йўл қўймаслик кераклигини қўшимча қилди.

«Украинага қурол берайлик»

«Бухарест тўққизлиги»нинг аксар аъзолари - Украинани ҳарбий томондан қўллаб-қувватлашнинг ашаддий тарафдорлари бўлиб, Киевга ҳарбий ёрдам кўламини ошириш, жумладан Украина қуролли кучларига замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришга чақирмоқда.

Учрашувда Байден Вашингтон шарқий иттифоқчилари хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларига содиқлигини яна бир бор таъкидлади ҳамда улар билан Украинани қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилди.