Ўзбекистон | 15:30 / 25.02.2023
13458
2 дақиқада ўқилади

Маҳалла ва кўчаларга бошқа ном бериш учун аҳоли қаерга мурожаат қилиш керак?

Географик объектларга ном беришда аҳоли фикри албатта инобатга олинади. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар билан бунинг тартиби аниқлаштирилди. Кадастр агентлиги масъуллари бундай таклифлар қандай тақдим этилиши ҳақида сўзлаб беришди.

24 феврал куни миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Кадастр агентлиги бошқарма бошлиғи Ихтиёр Эргашев «Географик объектлар номлари тўғрисида»ги қонунда объектларни номлашда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган бўлса-да, унинг тартиби очиб берилмаганига урғу берди.

«Натижада, амалиётда турли муаммоларга дуч келинган. Амалда аҳоли пунктларига ном бериш туман, шаҳар депутатлари кенгашларига берилгани сабабли таркибида бир нечта туманлар бўлган Тошкент, Наманган каби шаҳарлар, Туман ва шаҳар номи ўхшаш бўлган Шаҳрисабз ва Каттақўрғон каби шаҳарларда икки ва ундан ортиқ туманларни кесиб ўтган географик объектларга ном бериш ёки қайта номлаш учун ҳар бир шаҳар/туман кенгаши қарор чиқарган. Шунинг учун битта ҳудуд икки хил номланиб қолган ҳолатлар ҳам кузатилган», – деди Ихтиёр Эргашев.

Энди эса географик объектларни номлашда аҳоли фикрини инобат олиш тартибининг аниқ механизмлари белгиланди. 2022 йилда қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, географик объектларни номлаш учун аҳоли маҳалла фуқаролар йиғинларига мурожаат қилиши ёки Кадастр агентлигининг «Географик объектларнинг давлат реестри» веб-портали орқали таклиф бериши мумкин.

«Асосий масала шундаки, таклифлар тумандаги ҳудудий комиссия, яъни туман ҳокимлигига келиб тушади ва у ерда кўриб чиқилади. Кейин [таклиф қилинган] номни қабул қилиш бўйича вилоят комиссиясига юборилади ва давлат экспертизасидан ўтказилади. Бу кетма-кетликлар қонунда белгилаб ўтилган. Қонун қўшимча ҳужжатларсиз ва тўғридан тўғри амал қиладиган нормалар белгиланган», – деди агентлик масъули.

Мавзуга оид