Ўзбекистон | 13:12 / 02.03.2023
8780
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходими касбий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланяпти

Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Фото: AP

Сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганлиги, бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бераётганлиги қайд этилди.

Қонун билан юқорида қайд этилган муаммоларга ечим топиш мақсад қилинган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.

Бунда ушбу ноқонуний фаолиятни амалга оширган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси киритилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-7-моддасида тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш белгиланмоқда. Кодекснинг 305-моддасига мувофиқ мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш муддати уч суткани ташкил этиши қайд этилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид