Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида уюшган жиноятчилик ва жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун муҳокама қилинди.

Сенатнинг 2 октябрдаги хабарига кўра, ўзгаришлар жиноят содир этиш усуллари ўзгариб бораётгани ва уюшган жиноятчиликнинг янги шакллари пайдо бўлаётгани муносабати билан ишлаб чиқилган.

Уюшган гуруҳдаги безорилик учун жавобгарлик кучайтирилади

Қонун уюшган гуруҳ томонидан содир этилган безорилик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутади.

Хусусан, жиноят содир этгунга қадар 14 ёшга тўлган шахслар уюшган гуруҳ таркибида безорилик қилганлик учун жиноий жавобгар бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳамда жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир шикаст етказиш учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган.

Жиноий уюшмани молиялаштириш учун янги норма

Жиноят кодекси жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилмоқда.

Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жиноий уюшма ташкил этилишига ёхуд у содир этган жиноятларни яширишга ҳомийлик қилганлик учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар ушбу чоралар жиноий уюшмаларнинг молиявий манбаларини чеклаш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлаган.

Ноқонуний жанг мусобақаларига ҳам жавобгарлик

Яна бир ўзгариш жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларга тегишли.

Бундай мусобақаларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Уларда иштирок этганлик учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга алоҳида жавобгарлик чораси киритилмоқда.

Қонун билан мазкур жиноятлар бўйича дастлабки терговни қайси органлар олиб боришига доир процессуал нормалар ҳам аниқлаштирилмоқда.

Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллаган. Сенат хабарида жазоларнинг аниқ миқдори ва муддатлари келтирилмаган.