Ўзбекистон | 11:54 / 13.03.2023
10235
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёш оилалар даромадининг кўпроқ қисмини қарз тўлашга сарфламоқда — ПМТИ

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда инсонларнинг ҳаёт цикли давомида истеъмол харажатлари ва даромадлари ўзгариш хусусиятлари ҳамда қарз муносабатларига киришиш ҳолатини таҳлил қилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезаси ишлаши аниқланди. Унга кўра, инсонлар даромадлари 30 ёшгача тезлик билан ўсади, энг юқори нуқтаси тахминан 30-50 ёш оралиғида сақланиб туради ва 60 ёшдан сўнг кескин пасаяди. Бу даромад ва истеъмол орасидаги фарқ қарз олиш орқали компенсация қилиниши зарурати мавжудлигини билдиради.

Ўзбекистонда аҳоли ўртасида ўтказилган сўров (450 киши) натижаларига кўра, ёш оилалар (оила боқувчиси ёши ўртача 38 ёш) бошқа оилаларга нисбатан (оила боқувчиси ёши ўртача 49 ёш) даромади кўпроқ қисмини қарз тўлашга сарфлаётганини маълум қилган. Бу юқоридаги назарий қарашга (барқарор даромад ва истеъмолнинг ҳаёт цикли гипотезаси) мос келиши айтилган.

Бунда, респондентларнинг 18 фоизи маиший техника, 22 фоизи уй-жой, 13 фоизи автомобиль, 10 фоизи ўқиш шартнома тўлови, 11 фоизи телефон учун қарз олгани маълум бўлди. Қолган 34 фоиз респондентлар қарзи йўқлигини билдирган. Шундан, 18 фоиз респондентларда ўз жамғармалари мавжуд.

Сўровнома натижалари бўйича аҳолининг 10 фоизи муддатли тижорат дўконларидан муддатли тўловга қарз олишни (10 фоизи банк кредитини, қолганлар ўз ва яқинлари маблағи бўлишини) афзал кўришини инобатга олиб, Ўзбекистонда тобора оммалашиб бораётган муддатли тўловга уй жиҳозларини таклиф этиш бозори ўрганилди.

Бунда энг оммабоп 13 та интернет дўконларидаги талаб юқори бўлган бир хил русумдаги смартфон, музлатгич, телевизор ҳамда кондиционерлар муддатли тўлов нархлари таҳлил қилинди.

Натижалар шуни кўрсатадики, танланган бир хил русумдаги телефон нархи ўртача 4,8 млн сўм, музлатгич 8,1 млн сўм, телевизор 6,8 млн сўм ва кондиционер 6,1 млн сўмдан сотилаётганлиги аниқланди. Айнан мазкур товарлар дўконлар томонидан 12 ойга муддатли тўлов орқали йиллик ставкаси ўртача 70 фоиздан 77 фоизгача харидорларга тақдим этилмоқда.

“Ушбу бозорларда нархлар ва муддатли фоиз тўловлари ўртасидаги катта тафовут бир томондан, аҳоли орасида маълумотларнинг нотекис тақсимланганлиги ҳамда уларнинг молиявий саводхонлигини янада яхшилаш бўйича тадбирларга эҳтиёж борлигини кўрсатади. Иккинчи томондан, банк хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган норасмий иқтисодиётда фаолият юритаётган аҳоли муддатли тўлов бозоридан кўпроқ фойдаланган бўлиши мумкин”, дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид