09:40 / 19.03.2023
31278

Катта давлатларнинг саволи, Malibu'даги президент ва Янги Тошкент — ҳафта дайжести

Россия ҳам, Ғарб давлатлари ҳам Ўзбекистондан бетарафликни бас қилишни сўраяпти. Сурхондарёда президент юрган йўлни қайта қуриш саноқли соатлар ичида бошланиб кетди. Референдум харажатлари – 16 млн доллар. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ҳафта янгиликлари орасида бир ноодатий тадқиқот алоҳида аҳамиятга эга.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ўтказган ўрганишларга кўра, Ўзбекистонда ҳожатхонаси марказлашган канализация тизимига уланган уйлар жами уйларнинг атиги 16 фоизини ташкил этади. Ҳар 5 та хонадондан 4 таси чуқур кавлама шаклидаги ҳожатхонадан фойдаланади. Яна ҳам ачинарлиси, жами хонадонларнинг деярли ярми – 41 фоизидаги туалетлар энг примитив кўринишда. Бундай туалетларнинг интерьери, шароитлари ва айниқса ҳиди қанақа бўлишини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Эътиборлиси, тадқиқотда аниқланган кўрсаткич – уй хўжаликларининг 83 фоизи чуқур кавлама шаклидаги ҳожатхонадан фойдаланади деган хулоса, бундан 3 йил олдин Коммунал хизматлар вазирлиги берган расмий маълумот билан мос келади. 2020 йилда вазирлик аҳолимизнинг 83 фоизи канализациясиз яшаётганини маълум қилганди. 3 йил ичида 83 фоизлик аянчли кўрсаткич ростан ҳам ўзгаришсиз қолганми, буни аниқ айтиш қийин, лекин сезиларли ўзгармагани аниқ. Қолаверса, канализация тортилган жойларда ҳам тизим бинойидек ишлаяпти деб бўлмайди: кўплаб шаҳарларда оқова сув тармоқлари эскирган, таъмирга муҳтож.

Масаланинг яна бир томони бор. Макроиқтисодий тадқиқотлар институти ходимлари тадқиқот учун ҳудудларга чиққанида, қизиқ бир ҳолатга дуч келишган. Уларнинг айтишича, аҳоли ҳожатхонанинг санитария талабларига жавоб бермаслигига оид индикаторни камбағаллик учун аҳамиятсиз деб ҳисоблайди. Яъни кўплаб ўзбекистонликлар ҳожатхонанинг расво эканини камбағалликнинг асосий белгиларидан бири деб ҳисобламайди.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, биринчи навбатда мактаблардаги ҳожатхоналар аҳволини ўнглаш керак. Гап фақат туалетдаги чивинлар, юқумли касалликлар ва диареяда эмас. Мактаб туалети ёмон аҳволдалиги болаларнинг ҳожатга боришни истамаслигига, ҳожатга чиқмаслик учун кам сув ичишига сабаб бўлиши мумкин.

Юқорида бу мавзуни бежизга алоҳида аҳамиятли дея таърифламадик. Бу тадқиқот натижаси Ўзбекистонда рўй бераётган воқеалар, қабул қилинаётган қарорларга қайси призмадан қараш кераклигини яхши кўрсатиб беради.

Сурхондарёга ташриф

Ўзбекистоннинг элементар ва оғриқли инфратузилма муаммолари рўйхатида ичимлик суви таъминоти ва йўлларнинг сифати ҳам бор. Бу икки муаммо Сурхондарё вилоятида айниқса долзарб. Шу ҳафта Термизга борган Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, ҳозирда вилоят аҳолисининг 61 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Вазиятни яхшилаш учун “Тўпаланг” сув омборидан 360 километрлик сув тармоғи тортиляпти. Президент бунинг натижасида Сурхондарёнинг 90 фоиз (!) аҳолиси тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминланишини айтди. Бунга халқаро молия ташкилотларининг маблағлари жалб қилинади.

Давлат раҳбари ташрифи давомида Бойсун–Денов йўналишидаги йўлнинг абгорлиги бўйича одамларнинг шикоятларини инобатга олиб, бу йўлда ўзи автомобил ҳайдаб кўрди. “Бировга ишонмайман. Бировга ишонсанг, ёлғон гапиради, яширади. Ўз кўзимиз билан кўряпмизки, бу йўлларда ҳаракат қилиб бўлмайди”,деди Шавкат Мирзиёев. Malibu'нинг олд ўриндиғида президентга Сурхондарё ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамроҳлик қилди. Ташриф давомида унинг лавозимидаги “вазифасини бажарувчи” деган қўшимча олиб ташланди.

Танқид қилинган йўлни таъмирлаш ишлари яшин тезлигида, шу куннинг ўзида бошланиб кетди. Бойсундан Деновгача бешта туман ҳудудидан ўтадиган 111 километрлик йўл бетонлаштириляпти.

Сурхондарёга сафари вақтида Шавкат Мирзиёев чегарачиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини ҳам кўрди. Термиздаги полигонда президент қўшинларнинг тактик машғулотини кузатди. Расмий хабарга кўра, бу машғулотлар жаҳонда кузатилаётган ҳарбий ҳаракатларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўтказилган.

Ҳарбийлар билан учрашишидан олдин Шавкат Мирзиёев бир фармонга имзо чекди. Унга кўра, ҳарбий хизматчи бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган тақдирда, вафотига қадар олиб келган ойликнинг 150 баравари миқдорида оила аъзоларига бирйўла нафақа берилади. Давлат мажбурий суғуртаси доирасида эса ҳалок бўлган хизматчиларга тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, ҳозирда 60 млн сўм деб белгиланди. Фармонда бошқа имтиёз ва кафолатлар ҳам кўзда тутилган.

“Ё у томонга, ё бу томонга ўт дейишяпти”

Сурхондарёга ташриф президентнинг ташқи сиёсатга доир баёноти билан ҳам ёдда қолди. Термиз шаҳрида ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев Украинадаги урушга ишора қилиб, “катта-катта давлатлар” Ўзбекистондан бу масалада нейтрал бўлмасликни талаб қилаётганини айтди.

“Сизлар билинглар: замон жуда мураккаб. Ҳозир катта-катта давлатлар: “Ўзбекистон, сен ким тарафда. Бўлди энди, нейтрал бўлиб юришинг бўлди, ё у томонга ўтгин, ё бу томонга ўтгин”, дея қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб шунга даъват қиляпти. “Ўрта Осиёда Ўзбекистон бизга керак, 36 миллион бўлди, 3-4 йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бўлади, ким тарафсан?” деяпти. Қаранг, шундай оғир саволга қандай жавоб бериш керак? Жавоб битта: бир томонман, миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман”, деди Мирзиёев.

Бу баёнот АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Тошкентга ташрифидан икки ҳафта ўтиб янграгани эътиборга молик. Бу ташрифдан кейин Шавкат Мирзиёев Бокуда Халқаро қўшилмаслик ҳаракати саммитида иштирок этганди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу саммитдаги иштирок расмий Тошкентнинг НАТО билан ҳам, КХШТ билан ҳам ҳамкорликни тикламаслигига ишора қилади.

Ўзбекистоннинг Украинадаги уруш бўйича эълон қилган бетараф позициясини “ўзига хос” ёки “кўп қиррали” деб таърифлаш мумкин. Бу қирралардан бири шу ҳафта ҳам яна кўриниш берди. Россиялик қизиқчи Данила Поперечнийнинг Тошкентдаги концерти вақтида кўп марта микрофон ўчиб қолди. Қизиқчининг айтишича, концертидан дунёда бўлаётган воқеаларга оид материалларнинг ҳаммаси олиб ташланган.

“Ҳар сафар ҳазил ёки мавзу ҳозирги долзарб мавзуга ҳатто билвосита яқинлашса ҳам, микрофонни шунчаки ўчириб қўяверишди. Ҳаттоки концертнинг очилиш қисмида, “Россия” сўзи оддий маънода ишлатилган ҳазилларни ҳам мен билан келишмасдан, ўзлари билганича кесиб ташлашди”, – дея ёзди комик Instagram'даги саҳифасида.

28 ёшли Поперечний урушга қарши экани сабаб Россияни тарк этган. Ҳозир турли мамлакатларда гастрол концертларини уюштиряпти. У Тошкентдаги воқеадан хафсаласи пир бўлгани, концертни тўлиқ қўйиб бера олмагани, талабгор томошабинларга ҳеч қанақа муаммосиз чипта пулларини қайтариб беришини айтди. Бунга жавобан Instagram'даги пости остида ҳамюртларимиз “Ўзбекистонга хуш келибсиз” деб ёзган изоҳларни эса, афсуски, камида икки хил маънода тушуниш мумкин.

Конституциявий суд ва Сенат ҳам конституциявий ўзгаришларни маъқуллади

Ички сиёсатга қайтамиз. Шу ҳафталарда давлат учун энг долзарб масала конституцияни янгилаш бўлиб турибди. Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдум ўтказишни душанба куни Конституциявий суд, сешанба куни Сенат маъқуллади. Чоршанбада қонун матни эълон қилинган бўлса, пайшанбада бу масала бўйича Марказий сайлов комиссияси мажлис ўтказди.

Референдум бюллетенида: “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилади. 11 та моддадан иборат қонуннинг 1-моддасида янги таҳрирдаги конституция келтириб ўтилган, 6-моддасида ҳокимларнинг кенгаш раиси мақомини бекор қилиш муддатлари кўрсатилган, 7-моддасида эса барча мансабдор шахсларнинг ваколат муддатларини ноллаштириш таклиф этилган. Қонун референдум натижалари расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Референдум ўтказиш учун давлат бюджетидан 182 млрд сўм ажратилади. Бу жорий курсда қарийб 16 млн долларга тенг. Муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланиш арафасида. Референдум куни, яъни 30 апрелда ўз турар жойида бўлолмайдиган фуқаролар муддатидан олдин, 19 апрелдан 26 апрелгача овоз бериши мумкин.

Референдум фонида янграётган қатор янгиликларни ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари айни шу сиёсий жараёнга боғлаяпти. Аввалги ҳафталарда бир қатор тўловлар аҳоли учун комиссиясиз бўлади деб эълон қилинган, Аи-80 бензинини акциз солиғига тортмаслик муддати йил охиригача узайтирилганди. Бу ҳафта “Ўзбекнефтгаз” яқин тарихда бўлмаган иш – Аи-92 бензини нархини сезиларли арзонлаштирди. 9200 сўмдан сотиб келинган Аи-92 “баҳорги чегирма” экани айтилган акция доирасида 7500 сўмга туширилди. Чегирма муддати қачонгача экани номаълум.

Яна бир янгилик – Тошкент метросида пенсионерларга бепул хизмат кўрсатиладиган вақт чеклови олиб ташланди. 1 апрелдан бошлаб улар фақат соат 10:00дан 16:00гача эмас, эрталабдан кечгача метродан бепул фойдаланиши мумкин. Бунинг учун метрополитенга давлат бюджетидан қўшимча пул берилади.

Бундан ташқари, давлат хизматлари билан боғлиқ судга берилган шикоятлар учун давлат божи 2 баробарга арзонлашди. Тадбиркорларни E-aktiv тизимига мажбуран жалб қилиш иккинчи марта кечиктирилди. Тадбиркорлар ўз омборларидаги бор маҳсулотлари ва бошқа активларини солиқчиларга 2024 йилдан бошлаб очиқлаб бориши керак. Эслатиб ўтамиз, бу тартибни мажбурий жорий этиш 2022 йилдан бошланиши кўзда тутилган, лекин тадбиркорларнинг эътирозларидан кейин 2023 йил 1 мартгача кечиктирилган эди.

Илк марта метан-шохобчалар тармоғида ёппасига текширув бошланди

Сурхондарё вилояти коррупцияга қарши энг ёмон курашаётган давлат идораси деб топилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузган рейтингга кўра, ҳокимликлар ичида иккинчи энг ёмон кўрсаткич Андижон вилоятига тегишли. Вазирликлар орасида эса Сув хўжалиги ва Энергетика вазирликлари энг охирги ўринларла.

Энергетика вазирлигининг бунчалик паст балл олишига унинг таркибидаги энергоинспекциянинг ҳиссаси қанақа бўлгани номаълум. Яқинда айни шу инспекцияга янги ваколатлар берилиб, газ ва электр энергияси ўғриликларини камайтириш вазифаси топширилган.

Шу ҳафта имзоланган қонун билан Жиноят кодексига қўшимча киритилиб, электр энергияси ва газдан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланиш ўғрилик деб белгиланди. Маълум бўлишича, айни пайтда Shaffof бренди остидаги газ-шохобчаларида текширувлар ўтказилмоқда. Бу бренд остидаги 73 та хўжалик субъектига қарашли 101 та автомобилларга газ қуйиш шохобчасининг табиий газ ва электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланиши ҳолатлари ўрганиляпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди. Тошкентда ўтган чемпионатда Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги жамоа ярим финалда Кореяни пеналтилар сериясида, финалда эса Ироқни пеналтидан урилган ягона гол эвазига мағлуб этди. Финални миллий стадионда президент Шавкат Мирзиёев ҳам кузатиб борди ва ғолибларга Осиё кубогини бевосита ўзи топширди. Чемпионларни олдинда май-июн ойларида Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати кутяпти.

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрининг қурилишига тамал тоши қўйди. Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида қуриладиган шаҳар 1 млн аҳолига мўлжалланган бўлади. У ерда 420 гектарлик Марказий боғ ҳам бўлиши эълон қилинди. Давлат идоралари босқичма-босқич Янги Тошкентга кўчирилади, уларнинг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар ва савдо объектлари очилади. Пойтахтнинг электр таъминотини тубдан ўзгартириш бўйича катта дастур ҳам қабул қилинди.

Ўзбекистон Туркиянинг зилзиладан энг кўп зарар кўрган Ҳатай вилоятида уй-жойлар, мактаб ва инфратузилма объектлари қуриб беради. Бу ҳақда Туркий давлатлар ташкилотининг Анқарадаги саммитида Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Ташкилотга аъзо давлатлар 500 млн доллар капиталга эга Туркий инвестиция фондини тузяпти, унда Ўзбекистоннинг улуши 100 млн доллар бўлади. Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқининг сўнгида турк халқига мурожаат қилиб, яқинда бўладиган президент сайловида амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга овоз беришга чақирди.

Нукусдаги тартибсизликлар бўйича иккинчи суд иши якунланди. 39 нафар судланувчидан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача муддатга қамалди. Энг катта муддат адвокат Оралбай Досназаровга берилди. Қолган 11 киши, хусусан 2 нафар журналист суд залидан озод қилиниб, уларга озодликни чеклаш тарзидаги жазо тайинланди.

Top