Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланганди.
Фармон билан 2024 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланадиган товарлар рўйхати тасдиқланди. Жумладан:
- йогурт; пахта, ивиган сут ёки қаймоқ, қатиқ;
- пишлоқ ва твороглар;
- янги ёки қуритилган хурмо (финик), анжир, ананас, авокадо, гуава, манго ва мангостин ёки гарсиния;
- янги олма, нок ва беҳи;
- буғдой ёки жавдардан ташқари ғалла донидан ун;
- какао таркибли шоколад ва бошқа тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари.
28 март куни Миллий медиа марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ОАВ вакиллари учун брифинги бўлиб ўтди.
Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов кўрилаётган чора-тадбирлар ички бозордаги нархларга қандай таъсир қилиши ҳақида фикр билдирди.
«Маълумки, 23 март куни президент 32 турдаги озиқ-овқат импортига божхона божининг ноль ставкасини қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Гўшт, пишлоқ, макарон, олма каби маҳсулотлар кундалик ҳаётимизда жуда ҳам кўп истеъмол қилинади. Биргина 2022 йилда республикамизга қарийб 900 миллион долларлик маҳсулот импорт қилинди. Ушбу маҳсулотлар учун 500 миллиард сўмдан ортиқ божхона божлари тўланган», — деди Обид Ҳакимов.
Марказ директорининг сўзларига кўра, истеъмол товарларининг айрим турлари бўйича божхона божларини ноллаштириш иккита йўналиш бўйича ўз таъсирини кўрсатади.
«Биринчидан, божхона божлари пасайганда импорт қилинадиган маҳсулотлар арзонлашади ва натижада ушбу маҳсулотларнинг истеъмоли ошади. Буни савдони ҳосил қилиш эффекти деб айтамиз.
Иккинчидан, бир мамлакатдан импорт қилинаётган маҳсулот қимматроқ бўлгани учун савдо йўналиши ҳам ўзгаради. Яъни импорт географияси ўзгаради. Биз баҳолашимизни ушбу чора-тадбирлар иккита эффект бўйича истеъмолчиларга қандай таъсир қилишига асосланиб ўтказдик».
Обид Ҳакимовнинг қўшимча қилишича, ушбу турдаги истеъмол товарларига божхона божларининг ноль ставкага туширилиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини мақсадли қўллаб-қувватлайди ва кам таъминланган уй хўжаликлари томонидан истеъмолни рағбатлантириш имконини беради.









