Қрим суди маҳаллий тадбиркор Артем Палийчукнинг рўйхатдан ўтказилган савдо белгисидан ноқонуний фойдалангани учун товон пули ундириш тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқди. Даъво Россиянинг Ростов шаҳридаги бир компания ва Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳридаги аккумулятор заводига нисбатан берилган.

Суд қарорига кўра, даъво тўлиқ қаноатлантирилган. Аккумулятор заводи қримлик тадбиркор фойдасига компенсация тўлаши керак.

Гап нима ҳақда кетмоқда?

Жиззах аккумулятор заводи бир неча йиллардан бери Россияга “KUCH” бренди остидаги аккумуляторларни экспорт қилиб келади.

Қримлик тадбиркор Артем Палийчук судга мурожаат қилиб, “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ ва Ростовда фаолият юритувчи “АРС Моторс” МЧЖ унга тегишли “KUCH” савдо белгисидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келаётганини иддао қилади ва унинг фойдасига Ростов компаниясидан 6,2 млн рубль, Жиззахдаги заводдан эса 257,3 миллион рубль (қарийб 3,18 млн доллар) товон пули ундирилишини талаб қилади.

Қайд этилишича, Жиззах аккумулятор заводи ўз маҳсулотларини “KUCH” савдо белгиси остида оғир юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи Татаристондаги “КАМАЗ” АЖга етказиб берган. Бу товар айирбошлаш 2019 йилдан 2022 йилгача амалга оширилган операциялар тўғрисидаги божхона маълумотларида ҳам келтирилган.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, у рўйхатдан ўтказган товар белгиси остида маҳсулот етказиб бериш унинг интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларини бузган.

Суд ҳужжатларига кўра, судланувчи томон даъво Россиянинг ҳакамлик судида кўриб чиқилиш шарт эмаслигини кўрсатиб, ишни якунлаш зарурлигини, шунингдек, Жиззах аккумулятор заводи Ўзбекистонда рўйхатдан ўтгани ва Россия юрисдикциясига бўйсунмаслигига ишора қилган. Бироқ ушбу жиҳатлар судда инобатга олинмаган.

Суд буни хорижий компаниянинг бошқарув органи раҳбари Россияда рўйхатдан ўтгани ва низо келиб чиққан домен номига эга сайт рус аудиториясига қаратилгани билан изоҳлаган.

Узоқ муддат давом этган ўрганишлардан кейин, 2023 йилнинг 3 апрелида Қрим арбитраж судида ушбу иш кўриб чиқилди ва даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Маълумот учун, Артем Палийчук автомобиль қисмлари савдоси билан билан шуғулланади. 2014 йилда Симферополда рўйхатдан ўтган “Magnat-Oil” компаниясининг эгаси. Тадбиркор “Роспатент”да 22 та савдо белгисига эга ва яна 9та янги савдо белгисига эгалик қилиш ҳуқуқини олиш учун ариза топширган.