Шу кунларда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш масаласини кўтарди.

«Бугунги кунда инсоният тақдирини бешта давлат чангалига ташлаб қўйган халқаро тартиб ортиқ барқарор эмаслиги маълум бўлмоқда. БМТ Хавфсизлик кенгаши инклюзив ва умумқамровли тушунча билан ислоҳ қилиниши жуда зарур», — деган Эрдўған.

Замонавий халқаро тизим Иккинчи жаҳон уруши якунларига кўра яратилган. Унинг бугунги қирралари бу урушда ғалаба қозонган давлатлар томонидан белгиланган. Биринчи навбатда, СССР, АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Франция томонидан. 1945 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомида урушдан кейинги жаҳон тартиби қоидалари мана шу бешлик манфаатлари йўлида шакллантирилган.

Бир томондан, бу мантиқли ва БМТни тузиш ғояси Иккинчи жаҳон уруши мобайнида антиҳитлерчилар коалицияси давлатлари томонидан илгари сурилгани билан асосланади. Уларнинг ўша вақтдаги бош мақсадлари Германия реваншизми ва Япония империализмини ортиқ бош кўтаришига йўл қўймаслик бўлган.

Иккинчи томондан, бундай жаҳон тартиби бошқа кўплаб давлатларга нисбатан адолатсизлик экани ойдинлашмоқда, чунки дастлабки босқичда БМТга 50 та давлат аъзо бўлган. Бугунга келиб бош халқаро ташкилотга аъзо давлатлар сони 193 тага етган.

Ҳозирги БМТнинг асосий муаммоси — Хавфсизлик кенгашига аъзо беш давлат: АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Франция ва совет иттифоқининг ҳуқуқий вориси Россия эга бўлиб турган вето ҳуқуқи. БМТ Низомида таъсисчи давлатларда бундай ҳуқуқ белгиланмаган, бироқ Низомининг 27-моддаси 3-бўлимида процедурали масалалардан ташқари барча масалалар бўйича қарорлар «кенгаш барча доимий аъзоларининг овозлари берилганидан сўнг» қабул қилинган деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Бошқача қилиб айтганда, бу бир тўхтам принципи беш давлатдан бирининг қарши овоз бериши ёки овоз беришга иккиланиши ҳам дефакто унга вето қўйганидан дарак беради.

Замонга мос келмай қолган бу тизимни ислоҳ қилиш ҳақида анчадан буён айтилиб келинаётган эди. БМТнинг айни дамдаги Низоми тузилган пайтда ҳозирги жуда йирик ва таъсир доираси кенг ҳамда кейинчалик бу халқаро ташкилотга аъзо бўлган давлатлар йўқ эди.

Гап, масалан, Ҳиндистон ҳақида бормоқда. У 1947 йилга келиб давлат мустақиллигига эга бўлган. Бугун эса космик ва ядровий барқудрат давлат 1,4 млрд аҳолига эга.

Германия ёки Япония эса ўнлаб йилларки ҳарбий бюджети ЯИМ 1 фоизига тенг бўлган тинч, демократик давлатлар ҳисобланади. Фақат 2022 йилнинг 16 декабрига келиб — Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг Токио мудофаа бюджетини 2 фоизга кўтаришга қарор қилди, шунда ҳам яқин 5 йил муддатга.