Табиийки, Озарбойжон ушбу ҳудудни ўз давлатининг бир қисми сифатида билади, у ерда яшовчи арман миллатига мансуб аҳолини эса Озарбойжонга ишончсизлик ва қўрқув бирлаштириб турибди. Ўтган ўттиз йил давомида нафақат ҳукуматлар, шунингдек, шоир-ёзувчилар, мусиқачилар ва халқлар ўртасида шу қадар улкан жарлик юзага келганки, жарликнинг икки томонида турувчилар ҳаётини энди бу жарсиз тасаввур қила олмайди, деб ёзади Маҳаррам Зайналов.

26 феврал куни Озарбойжонда Хўжали фожиаси навбатдаги марта ёдга олинди. Биринчи урушгача Қорабоғдаги бу шаҳарчанинг аксар аҳолиси озарбойжонлар бўлган. 1992 йилнинг февралида юзлаб тинч аҳоли вакиллари арман кучлари томонидан ўлдирилган — бу воқеалар Озарбойжонда геноцид деб аталади. Бу воқеа сиёсий жараёнларга мустаҳкам сингиб кирган, янгиликларда албатта тилга олинади, болалар эса бу воқеаларни хотирлаб суратлар солишади.

Арманистонда эса «озарбойжон терроризми» билан қўрқитишади. 1988 йилда Озарбойжоннинг Сумгаит шаҳридаги тартибсизликларда ўнлаб арманлар ўлдирилган, минглаганлари қочишга мажбур бўлган — бу воқеа ҳам барча озарбойжонларга ёрлиқ ёпиштиришга хизмат қилади.

Ҳар икки мамлакатда ўлдирилган тинч аҳоли хотираси сиёсий мақсадларда ишлатилади, дейди Қорабоғ можаросини ўрганган социолог Сергей Румянцев: «Қорабоғдаги биринчи урушда Озарбойжон ахборот урушида ютқазган, ўшанда арманлар ўзини турклардан жабр кўраётган ягона қурбон сифатида тақдим эта олган. Ўша урушда энг йирик тинч аҳоли қирғини бўлган Хўжали фожиаси эса Озарбойжонга улар ҳам қурбон эканини кўрсатиш имконини тақдим этди».

Миллий орзулар объекти

Арманистонда озарларни турклар деб аташади ва шу йўл билан Қорабоғ можароси ҳамда 1915 йилги Туркиядаги арманлар қирғинини боғлашга ҳаракат қилишади.

«Ўн беш деганда йилни, Тоғли деганда Қорабоғни эсга оламан», деб ёзганди таниқли арман шоираси Силва Капутикян, кейинги сатрларида адолат талаб қилиб.

Тадқиқотчилар Мане Григорян ва Беҳрўз Самедовнинг қайд этишича, бундай ижодий асарлар юз йил аввалги Усмонлилар империясининг турклари ва замонавий озарбойжонликларни тенглаштирувчи узвийлик бор ва оғриқли ўтмиш хотираларини яна қўзғатишга қаратилган. Аслида, озарбойжонларнинг ўтмиши Туркия билан эмас, Эрон ва Россия империяси билан боғлиқ.