30 йиллар қатағони даврида қўлланган қийноқлар айрим маҳбусларни ақлдан оздирган. Баъзилар эса қийноқларга дош беролмай, туҳмат қилишга мажбур бўлган. Қодирий-чи, у шундай вазиятда нима қилган? Қуйида академик Наим Каримовнинг буюк адибнинг тергов жараёнлари тасвирланган “Абдулла Қодирийни ким тергов қилган? Ёхуд терговчилар саволига Қодирий жавоблари” мақоласи тўлиғича эълон қилинади.

…Қодирийнинг терговчиларга берган мазкур кўрсатмасини ўқиган ўқувчиларда ўзгача фикр ҳам пайдо бўлиши мумкин. Маълумки, тергов чоғидаги қийноқлар сабабли айрим маҳбуслар ақлдан озишган, айримлари бошларини метин деворларга уриб, қаттиқ жароҳат олишган, кекса ёшдагилар эса қийноқлардан вафот этишган. Баъзилар эса қийноқларга дош беролмай, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам туҳмат қилишга мажбур бўлган. Шундай даҳшатли ҳолатга тушган Қодирий ўзига ўзи туҳмат қилишга мажбур бўлмаганмикан?..

Мен бундай фикрда эмасман. Бундай дейишимга сабаб тергов давомидаги мана бу савол-жавоблардир:

«Савол: Сиз миллатчи сифатида қайси советларга қарши ташкилот фойдасига ишлагансиз?

Жавоб: Мен буржуа миллатчиси сифатида ўз олдига Совет ҳокимиятини ағдариш мақсадини қўйган советларга қарши ўзбек буржуа миллатчилик ташкилоти фойдасига ишлаганман. Менинг матбуот ва адабиёт соҳасидаги амалий ишим совет ҳокимиятига қарши қаратилган, шунинг учун шу ташкилот раҳбарлари Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев томонидан фаол қўллаб-қувватланганман, менинг советларга қарши асарларим шахсан уларнинг топшириғига биноан оммавий ададда нашр этилган ва кенг тарқатилган.

Савол: Айтинг-чи, сиз қачон, ким томонидан ва қандай шароитда Ўзбекистонда мавжуд бўлган советларга қарши миллатчилик ташкилотига ёллангансиз?

Жавоб: Ўзбекистонда совет ҳокимияти ўрнатилган дастлабки кунларда миллатчилик кураши йўлига ўтганим учун мен амалда советларга қарши ўзбек миллатчилик ташкилотининг кекса ва фаол қатнашчиларидан бириман, аммо расман бу ташкилотга аъзо бўлмаганман…

Мустабид совет давлати ҳудудида яшаган барча халқлар тарихининг мусибатли ва энг фожиали даври — 1937 йил ўзбек халқи хотирасида ҳам мудҳиш сана сифатида муҳрланган. Чунки шу йили Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари адиблар, Файзулла Хўжаев каби давлат арбоблари, Абдуваҳоб Муродий, Саттор Жаббор, Ғози Олим Юнусовдек олимлар қатағон этилди. Улар ўзбек халқининг бир неча асрлик турғунлик давридан кейин етишиб чиққан буюк фарзандлари эди. Шу тариқа эндигина шаклланиб, камол топиб бораётган янги ўзбек фани, техникаси, маорифи, адабиёти ва санъати қўпориб ташланди.