Линн Трейси 2023 йил январидан бери АҚШнинг Москвадаги элчиси. У бу лавозимда Жон Салливан ўрнини эгаллади. Бунгача Трейси тахминан тўрт йил давомида АҚШнинг Арманистондаги элчиси бўлган ва ундан аввал Афғонистон, Қозоғистон, Покистон ва Туркманистонда ишлаган. Линн Трейси «Коммерсант» нашрига Москвадаги элчи сифатидаги фаолияти давомида биринчи катта интервьюни берди.

Россияликларга муносабати ҳақида

Бу ерга илк бор 20 ёшдан сал ошганимда талаба сифатида келганман. Совет иттифоқи даврида эди. Мана, учинчи ташрифим давомида шуни айтишим мумкинки, Россияда яшовчи одамларни аввалгидек жуда ҳурмат қиламан. Россия — буюк тарих ва жуда бой маданиятга эга мамлакат.

Мен халқ дипломатиясига ишонаман ва уни қўллаб-қувватлайман. Биз, Америка Қўшма Штатларининг Россия ҳукумати билан келишмовчилиги бўлиши мумкин, лекин Россия халқи билан эмас.

Россия қайси йўналишда кетаётганини кўриш ачинарли: у ўтмишга, қатағон даврида қайтаётганга ўхшайди. 1980-йиллар охирида бу ерга келганимда, Николай Бухариннинг реабилитацияси билан жамият қандай илҳомлангани, ниҳоят ўтмиш ҳақида очиқ-ойдин гапириш мумкин бўлганини яхши эслайман. Шу сабабли, норозилик ва хотира овозлари яна бўғилаётганини кўриш жуда ачинарли ва хавотирли.

Россияликлар америкаликларнинг душмани ёки йўқлиги ҳақида

Ҳозир русофобия, Россияни йўқ қилиш, Россиянинг келажагига барҳам бериш ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу Қўшма Штатларнинг мақсади эмас. Ва биз, албатта, Россия халқини ҳеч қандай тарзда йўқ қилишни хоҳламаймиз. Умуман олганда, АҚШ-Россия муносабатларига келсак, шуни таъкидлашни истардимки, Қўшма Штатлар россияликларни душман деб ҳисобламайди. [Шунга қарамай] бизнинг муносабатларимиз жуда узоқ вақтдан бери энг паст нуқталардан бирида.

Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳақида

Россия 2014 йилда Украинадаги вазиятни нотўғри талқин қилди. Ва 2022 йилда уни яна нотўғри талқин қилди ва шундай қилишда давом этмоқда. 2013 йилда Украина Европа Иттифоқига юзланди. Аммо кейинчалик Украина ҳукумати Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдан воз кечди. Бу қарор [Украинада] кучли реакцияга сабаб бўлди ва Россия 2014 йилда экстремал беқарорлик йўлига ўтди, Қримни ноқонуний равишда аннексия қилиб, Донбассдаги вазиятни беқарорлаштирди. Шу билан бирга, Украинанинг НАТОга аъзолиги [украиналиклар орасида] қўллаб-қувватланмаган эди.