“Инглиз тилини ўрганиш мен учун эмас экан”. “Ҳар доим янгидан бошлайман ва яна ташлаб қўяман”. “Ишдан ортиб тил ўрганишга кучим қолмаяпти”. “Бу кетишда IELTS имтиҳонини қандай топшираман?” Kun.uz тил ўрганувчиларда учрайдиган шу каби саволлар ва улар дуч келадиган муаммолар ҳақида тажрибали педагог, IELTS инструктори Барно Муқимова билан суҳбатлашди. 

“Инглиз тилидан ёмон ўқиганман”

— 7-синф пайтимда ўрганишни бошлаганман. Онам радиода ўқув маркази рекламасини эшитиб қолган ва мени ўша марказга ўқишга берган. Онам бироз ўз устида ишласин деган бўлсалар керак. Чунки мактабда фақатгина инглиз тилидан 4 баҳо олганман ва бир ҳафта кайфиятсиз юрганман. Бу ҳаётимдаги ягона 4 баҳо эди. Бошланғич синфларни рус мактабида ўқиганман. У мактабда инглиз тили ўтилмасди, 5-синфдан ўзбек мактабига ўтганман. У ерда бошлағич синфларда ҳам инглиз тили ўтилгани учун мен бошқаларданортда қолганман. Ва мен учун энг қадрли ва бу тилни ўзлаштиришимга туртки бўлган 4 баҳони олганман. Ўша пайтда ёмон бўлган мен учун, лекин ҳозир яхшиям шу иш бўлган экан дейман.Ўқитувчиларим доим талаффузинг бўлмайди, сенда ўхшамайди дерди. Лекин Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб “speaking”дан кам сонли 9 балл олганлардан бўлганман.

“Тил ўрганишда мақсадни тўғри қўйиш керак”

— Нега инсонинглиз тилини ўрганишни бошлайди, аммо кейин ташлаб қўяди? Содда нарсаларда маъно кўп барибир. Менинг биринчи бошлашимга сабаб — инглизча қўшиқлар, киноларнинг маъносини тушунишни истаганман. IELTS олиш, кимгадир исботлаш деган нарсалар бўлмаган. Чин дилдан шу қўшиқларни тушунишни истаганман. Ўргана бошлагандан кейин ҳам ҳали тўлиқ тушуна олмаяпман деган фикр билан тўхтамай ҳаракат қилаверганман.

Инсон ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, ё ортга кетади, ё олдинга. Инглиз тилини ўрганишдан мақсад IELTS’дан 6 балл олиш ва ўқишга кириш бўлса натижага эришгач кўпчилик ўрганишнийиғиштириб қўяди. Агар бошқа нарсаларни мақсад қилиб олса, у инсон тўхтамайди. Шунинг учун мақсадни катта қўйиш керак, иложи бўлса, ўша мақсадга эришиш имконсиз бўлсин бир умр. Тоғдай тиласанг, қирдек беради, деган гапга тўғри келади.

Болалари кўп тил билишини истаётган ота-оналарга тавсия...

— Фарзанди инглиз тилини тез ўрганишини истаган одам ташқаридан босим ўтказиши керак. Лекин бунинг ҳаётий давомийлиги кам. Агар ростдан бутун умрлик билимга эга бўлишни исташса, боланинг ўзида хоҳиш уйғотишга ҳаракат қилиш лозим. Бунинг учун эса боланинг қизиқишларига аҳамият бериб, ўша қизиқишга боғлаш керак тилни. Уч ёшгача болангизни нимага қизиқишини кузатиб билсангиз бўлади. Масалан, дизайнерликка қизиқадиган болага сен инглиз тилини ўргансанг, Парижга кўргазмаларга борасан, десангиз унда мақсад пайдо бўлади. Боланинг ичида хоҳиш — олов уйғондими, уни тўхтатиш қийин бўлади. Фақат ўша уйғотувчи нуқтани топа билиш керак. Ва энг яхши тарбия — ўрнак бўлиш.