Дунё мамлакатларида инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи энг йирик рейтинг – EF English Proficiency Index 2025 йилги ҳисоботини эълон қилди. Ўзбекистон – аҳолиси орасида инглиз тилини билиш даражаси энг паст мамлакатлар қаторида қоляпти.

Ўзбекистон нечинчи ўринда?
2025 йил учун рейтингда Ўзбекистон 123 та мамлакат орасида 104-ўринда қайд этилган. Бу ўтган йиллардагидан пастроқ: 2024 йилда Ўзбекистон 114 та мамлакат орасида 98-ўринда, 2023 йилда эса 113 та мамлакат орасида 93-ўринда эди. Ўз навбатида, ўзбекистонликларнинг инглиз тилини билиш борасидаги ўртача рейтинг балли ҳам 439 дан 429 гача пасайган (максимал балл – 700). Бу – СEFR шкаласи бўйича Б1 даражага тенг.

Мамлакатда инглиз тилини билиш даражаси ҳудудлар кесимида сезиларли даражада фарқ қилади. Бу борада 470 балл билан Фарғона вилояти биринчи ўринда боряпти. Андижон вилояти 453 балл билан иккинчи ўринда қайд этилган. Тошкент вилояти – учинчи ўринда. Юқори бешликдан Бухоро (436) ва Сурхондарё (431) вилоятлари ҳам жой олган. Энг паст кўрсаткич Қашқадарё (412 балл), Сирдарё (409) ва Жиззах (395) вилоятларида қайд этилган.
Шаҳарлар миқёсида ҳам Фарғона биринчи ўринда экани эътиборга молик: бу шаҳардан тест топширганларнинг ўртача балли 470 бўлган. Шаҳарлар бўйича топ-бешталикка Тошкент (469), Қарши (440), Андижон (439) ва Наманган (430) кирган.

Яна бир жиҳат: энг паст кўрсаткичларни 18-20 ёшлилар гуруҳи қайд этган бўлса, 30-40 ёш ва 40 ёшдан катта бўлган тест топширувчиларнинг натижаси яхшиланган.

Ўзбекистон ушбу тадқиқотга 2018 йилдан бошлаб қамраб олинган, ўшанда 88 та мамлакат орасида 86-ўринда қайд этилганди. Муаллифлар у ёки бу мамлакат ҳақида муайян хулосалар чиқариш учун етарлича маълумотлар мавжуд деб ҳисоблаб, рейтингга киритиши учун имтиҳонларда камида 400 киши қатнашиши зарур.
Глобал рейтинг
2025 йилги рейтинг дунё бўйича инглиз тилини иккинчи ёки хорижий тил сифатида ўрганган 2,2 миллион кишининг имтиҳон натижалари асосида тузилган. Натижаларга кўра, Нидерландия кетма-кет еттинчи марта биринчи ўринни қўлга киритган. Хорватияликлар иккинчи, австрияликлар учинчи ўринни эгаллаган.










