25 май куни Ўзбекистон ҳукумати, АҚШнинг Air Products компанияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида инвестиция шартномаси имзоланди.
Шартномага ҳукумат номидан имзо қўйган Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, келишувга асосан Air Products компанияси Қашқадарё вилоятидаги табиий газни қайта ишлаш қурилмасини ривожлантиришга 1 млрд доллар инвестиция киритади.
Ғузор туманида жойлашган, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи “Uzbekistan GTL” заводи 2021 йил 25 декабр куни ишга туширилган эди.

Қайд этилишича, табиий газни қайта ишлаш саноат мажмуаси бу заводнинг ажралмас қисми бўлиб, йилига 1,5 млн тонна юқори қўшимча қийматга эга синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради ва келажакда ички истеъмол ва экспортга йўналтиради.
“Ўсиш суръати юқори бўлган мамлакат – Ўзбекистонда ушбу стратегик ҳамкорлик орқали биз энг илғор технологиялар ва билимларимизни қўллаш имкониятига эга бўламиз. Бу келишув юқори сифатли арзон ёқилғи ишлаб чиқариш ва ўсиб бораётган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш имконини беради”, – деган Air Products директорлар кенгаши раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасем.
Битим имзолаш маросимида айтилишича, Air Products тажрибасидан GTL заводида фойдаланиш орқали “самарадорлик оширилади, маҳсулот таннархи пасайтирилади ва зарарли чиқиндиларни камайтиришга эришилади”.

ИССВнинг расмий ахборотида келишув тафсилотларига етарлича аниқлик киритилмаган. Air Products'нинг расмий релизидан маълум бўлишича, гап заводнинг бир қисмини – табиий газни синтетик газга айлантириш комплексини сотиш ҳақида кетяпти.











