Ўзбекистон | 11:22 / 31.05.2023
5882
3 дақиқада ўқилади

“WikiStipendiya” лойиҳасининг иккинчи мавсумига старт берилди

Лойиҳанинг биринчи мавсумида ўзбек тили Википедиядаги мақолалар сони бўйича Марказий Осиёда 1-ўринга, дунёда 45-ўринга кўтарилган эди.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги

Кеча, 30 май куни Тошкентдаги “Китоб олами” мажмуасида “WikiStipendiya” марафонининг иккинчи мавсуми бошланиши олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Лойиҳа ҳақида

“WikiStipendiya” — кўп тилли, эркин интернет энциклопедия – Википедияда ўзбек тилида ёзилган мақолаларни кўпайтиришни мақсад қилган ташаббус. Лойиҳа Ёшлар ишлари агентлиги ва тармоқнинг ўзбекистонлик администраторлари ташаббуси билан ўтказилмоқда.

“WikiStipendiya” лойиҳаси бошлангандан буён ўзбекча Википедияда сезилари ўсиш юз берди. Жумладан, оромгоҳ бошлангунга қадар Википедияда ўзбек тилидаги мақолалар сони 224 минг 317 тани ташкил этган бўлса, дастлабки уч куннинг ўзида ўсишлар сони қарийб 10 минг мақолага етиб, жаҳон википедиялар тизмасида 45-ўринга кўтарилди ҳамда Марказий Осиёда биринчиликка чиқди. Бундан аввал ушбу ўринни қозоқча Википедия эгаллаб турган эди. Айни дамда Википедиядаги ўзбекча мақолалар сони 233 мингга етди.

Матбуот анжуманида ташкилотчилар томонидан иккинчи мавсумда режаланган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, иккинчи мавсумда ўзбекча википедиядаги мақолаларни чет тилларидаги википедияларга таржима қилиш, ўзбекча википедияда Ўзбекистон ҳудудлари ҳақида маълумотларни кўпайтириш, статусли мақолалар танловини ўтказиш каби марафонларни ўтказиш режалаштирилган.

Тадбирда Kun.uz мухбири ташкилотчиларга ўзбек тилидаги мақолалар сони кўпайиб бораётгани билан уларнинг сифати борасида ҳали муаммолар кўплиги бўйича савол билан мурожаат қилди.

Канаданинг Куинс университети докторанти, Википедия администратори Нодир Атаевга кўра, бу масала лойиҳа ташкилотчиларига ҳам яхши таниш ва иккинчи мавсумда мақолаларни сифатли қилиб тўлдириш устида ҳам ишланади.

“Биз “WikiStipendiya” лойиҳасининг биринчи мавсумида асосан сонга эътибор қаратгандик, мана энди иккинчи мавсумда сифат устида кўпроқ ишламоқчимиз. Бунинг учун Ўзбекистондаги университетлар, ёш олимлар билан ҳам ҳамкорликни режалаштирганмиз. Ҳозирча Ўзбекистон Миллий университети биз билан шундай ҳамкорликка рози бўлди. Қолган университетларни ҳам ҳамкорликка чақирамиз.

Википедия тармоғида ўзбек тилидаги мақола ва маълумотлар қанча кўпайса, бу барчамиз учун фойдали”, – деди у.

“WikiStipendiya” лойиҳаси ташкилотчилари бугундан вилоятларга йўл олади ва ҳудудлардаги талабалар, лойиҳада қатнашишни истаган ёшлар билан маҳорат дарслари ўтказади. Сафар давомида шунингдек, Википедияга Ўзбекистон ҳудудлари ҳақидаги энг янги маълумотларни киритиш, тўлдириш марафони ҳам ўрин олган.