Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2022 йил 1−2 июл кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича 16 нафар маҳкум номидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор чиқарди. Шу билан бирга, шартли ҳукм қилинган 4 нафар шахсга нисбатан прокуратура протести кўриб чиқилди.

Олий суднинг 2023 йил 5 июндаги ажримига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси судининг ҳукми қуйидагича ўзгартирилди:
ҳукмнинг марҳум П. Шамшетовга жазо тайинлашга оид қисми бекор қилинди. Шу билан бирга вафот этган П. Шамшетовга тегишли бўлган Нукус шаҳридаги Ж. Сеитова кўчасида жойлашган 32-уй Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси тартибида хатловдан чиқарилиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 47 ва 65-моддалари қўлланилган ҳолда марҳумнинг меросхўрларига қайтарилиши белгиланди;
Б. Кадирбергенов, С. Медетов, Б. Сейтниязов, Қ. Сейтимов, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва уларнинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятлар қаноатлантирилди.
Шунга кўра:
- Б. Кадирбергеновга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
- Б. Сейтниязовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;
- С. Медетовга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
- Қ. Сейтимовга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
- П. Нурниязовга тайинланган 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;
- С. Калимовга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
- Н. Султамуратовга тайинланган 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил озодликни чеклаш жазосига;
- А. Темирхановга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди.
Уларнинг эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ҳар бир куни Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилиб, барчаси суд залида қамоқдан озод қилинди.


























