26 декабр куни Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти Олий Мажлисга тақдим этилди. Маълум қилинишича, Олий Мажлис палаталари кенгашларининг 2022 йил 15 июлдаги қўшма қарори билан Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигида 14 нафар депутат, сенатор, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларидан ташкил топган комиссиянинг Қорақалпоғистонда рўй берган воқеалар юзасидан ахбороти Парламент палаталари кенгашлари қўшма йиғилишида кўриб чиқилган.

Комиссия Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари, хронологияси ва оқибатлари, оммавий тартибсизликларни бартараф этишда давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳаракатларига баҳо берган. Шунингдек, воқеалар иштирокчиларига нисбатан суд мажлисларини кузатиб, 30 нафар судланувчи комиссия илтимосига кўра суд залидан озод этилган. «Судланувчилар сақланаётган тергов ҳибсхоналарига мониторинг ташрифларини амалга оширди, шунингдек воқеалардан кейин Қорақалпоғистонда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни кузатиб борди», дейилади ахборотда.

Комиссия фаолиятида фуқаролардан келиб тушган жами 600 дан ортиқ мурожаат ижобий ҳал этилган, 50 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотларга ташрифи давомида 590 нафар ходим, 334 нафар қамоқ жазосини ўтаб чиққан шахслар билан суҳбатлашилган.

«Жиноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (2 нафар аёл) Комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилди. Комиссия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилди, шунингдек халқаро ноҳукумат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда бўлиб турди».

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарликлар содир этгани учун огоҳлантирилган, 6 135 нафарига маъмурий жарима, 2 639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 61 нафари жиноятлар содир этгани аниқланган.

«Тартибсизликлар натижасида фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг оғир тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши, шунингдек, фуқаролар ва давлат идораларининг мол-мулкига катта миқдорда (6,8 млрд сўм) моддий зарар етгани маълум бўлди», дейилади комиссия хабарида.

Шунингдек, комиссия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан оммавий тартибсизликларни маъмурий бинолардан узоқлаштириш ва тарқатиб юбориш, маъмурий бино ва стратегик объектларни эгаллашга уринишларни бартараф этиш мақсадида халқаро амалиётда қўлланадиган воситалар – сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталардан фойдаланилганини билдирган.