Йиғилиш иштирокчилари агентликнинг 2022 йил учун йиллик ҳисоботини, техник ҳамкорлик соҳасида АЭХА фаолиятини кучайтириш ва ташкилот фаолиятининг бошқа муҳим масалаларини муҳокама қилдилар.
«Техник ҳамкорлик» бўйича йиғилиш кун тартибидаги масаласи бўйича Ўзбекистоннинг Вена шаҳридаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили, элчи Абат Файзуллаев сўзга чиқди. У ўз маърузасида иштирокчиларни Ўзбекистон ва АЭХА ўртасида 2022-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасидаги ҳамкорлик ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистонда техник кооперация лойиҳаларининг ушбу циклида республиканинг ядро инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги миллий салоҳиятни ошириш, ядро фанидан тинч йўл билан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, ихтисослаштирилган лабораториялар салоҳиятини ошириш, шунингдек, ядро тиббиёти соҳасига кўмаклашишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Аниқ натижалардан миллий саратонга қарши кураш дастурини (imPACT миссияси) кўриб чиқиш бўйича эксперт миссияси муваффақиятли ўтказилиши, Ўзбекистон Миллий метрология институтининг дозиметрик лабораториясини такомиллаштириш учун ноёб ускуналар ишга туширилиши, илмий-тадқиқот ядро реакторининг хавфсиз ишлаши учун ускуналар Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтига етказиб берилиши қайд этилди. Лойиҳанинг иш режаси доирасида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ билан миллий назорат тизимини ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Ядро билимларни мустаҳкамлаш ва сақлашда муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида Ўзбекистон Миллий ва Самарқанд университетлари ўқув лабораторияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшма ишлар қайд этилди.














