Ўзбекистон | 14:16 / 18.06.2023
34542
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида кучли шамол ва чанг бўрони кузатилди

Қатор ҳудудлар кучли шамол сабаб электр таъминотидан узилган.

18 июн куни Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида соат 10:15 дан 12:00га қадар чанг-тўзон ҳодисалари кузатилди. Ижтимоий тармоқларда Ҳолливуд филмларидаги манзараларни эслатувчи кадрлар тарқалмоқда.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, Паст Дарғом, Жомбой ва Булунғур туманларида соат 11:30 дан ҳудудда кузатилаётган кучли шамол ва чанг тўзонлари оқибатида электр энергия вақтинча тармоқдан узилди.

Энергетика вазирлиги электр узатиш линияларида хавфсизликни таъминлаш учун электр таъминоти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди ва ҳудудда кучли шамол эсиши пасайгандан сўнг қайта тикланишини маълум қилди.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Булунғурдаги ҳодисага муносабат билдирган.

«Минтақада қурғоқчилик, яшил массанинг камайиши, чўллашишнинг жадал давом этаётганидан дарак берувчи жиддий сигналлар.

«Интерстеллар» филмидаги чанг бўрони бостириб келиш билан боғлиқ кадрлар бизда ҳам тез-тез кузатиладиган бўляпти.

Республиканинг шимоли, чўллари ва жанубида одатий бўлиб бораётган бу каби манзаралар энди марказга ҳам кўчмоқда», дея ёзган у  ўз телеграм-каналида.

Мавзуга оид