Эл-Ниньо тахминан ҳар икки–етти йилда такрорланадиган табиий иқлим циклининг бир қисми бўлиб, Тинч океанининг экваториал ҳудудларида сув ҳарорати кўтарилиши билан боғлиқ.
Унинг 1997–1998 ва 2015–2016 йиллардаги айниқса кучли даврлари дунёнинг турли минтақаларида об-ҳавога жиддий таъсир кўрсатган. Оқибатлар Индонезия ва Амазонка ҳавзасидаги ўрмон ёнғинлари, Африка жанубида қурғоқчилик туфайли ҳосил камайиши, Жанубий Калифорнияда эса кучли ёғингарчилик ва сув тошқинларида намоён бўлган.
Янги таққослашда Тинч океани юзаси баландлигининг ўртача кўрсаткичлардан оғиши ўрганилган. Хариталар 1997 йил 13 октябр ва 2026 йил 12 октябр ҳолатини акс эттиради.
Биринчи даврга оид маълумотлар TOPEX/Poseidon, иккинчиси эса Sentinel-6 Michael Freilich сунъий йўлдошидан олинган. Уларни NASA Реактив ҳаракат лабораторияси олимлари қайта ишлаган.
Океан юзасининг баландлиги иссиқлик қаерда тўпланаётганини кузатишга ёрдам беради: сув исиганда кенгаяди. Шу сабаб экваториал Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмларида сув сатҳининг меъёрдан кўтарилиши Эл-Ниньо билан боғлиқ иссиқлик тўпланишини кўрсатиши мумкин.
Хариталарда қизил ранг сув сатҳи ўртачадан юқори, оқ ранг меъёрда, кўк ранг эса паст бўлган ҳудудларни билдиради. Қисқа муддатли табиий ҳодисаларни аниқроқ кўриш учун маълумотлардан мавсумий цикллар ва узоқ муддатли тенденциялар таъсири чиқариб ташланган.
Одатда пассат шамоллари илиқ сувни Тинч океанининг ғарбий қисмига суриб боради. Шамоллар сусайганда эса бу сув шарққа силжий бошлайди. Океан ва атмосфера ўртасидаги ўзаро таъсир натижасида шамоллар янада заифлашиб, марказий ва шарқий ҳудудларда иссиқ сув тўпланиши кучаяди.
Нашрда келтирилишича, 2026 йилги Эл-Ниньо 1997–1998 йиллардаги ҳодисага нисбатан тезроқ ривожланган. Октябрга келиб эса иккала даврда ўхшаш манзара кузатилган: океаннинг ғарбида сув сатҳи пасайган, шарқида кўтарилган, илиқ сув массалари Жанубий Америка соҳилларигача етиб борган.
2015–2016 йиллардаги кучли Эл-Ниньо эса бошқачароқ кечган. Ўша пайтда экватор бўйлаб илиқ сувлар Жанубий Америка соҳилларига ҳозиргидек даражада етиб бормаган. Бу ёғингарчиликнинг ҳудудий тақсимланишида ҳам фарқларга олиб келган.
NOAAнинг 2026 йил 8 октябрдаги прогнози келаси йил бошида кучли Эл-Ниньо эҳтимоли юқори эканини кўрсатса-да, бу муайян ҳудудларда албатта тошқин ёки қурғоқчилик бўлади, дегани эмас.

















