19 июн куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида кучли чанг бўронлари кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ноқулай об-ҳаво туфайли кўчаларда ҳаракатланиш қийинлашганини кўриш мумкин.
ФВВ Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилояти ҳудудларида содир бўлган гидрометеорологик табиат ҳодисаси юзасидан маълумот тақдим этди.
Унга кўра, 19 июн куни Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида кучли шамол эсиши натижасида чангли бўронлар содир бўлди. Ўзбекистонда, шунингдек, Марказий Осиё ва қўшни мамлакатларда чангли бўрон ҳодисалари азалдан тез-тез учраб туради. Одатда, ҳавога кўтарилган қум ва чанг массалари шамол кучсизлашгандан сўнг тарқалади ва ерга ўтиради.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан жабрланганлар тўғрисида ФВВга мурожаатлар келиб тушмаган.
Айни вақтга келиб ғарбий ҳудудларда вазият барқарорлашган, ўз навбатида Тошкент шаҳрида кучли чанг бўрони кузатилмоқда.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, республика ҳудудларида кузатилаётган чанг бўронлари давомли кузатиладиган чанг бўронлар эмас.
«Чанг бўронлари баландлиги ва мавжуд синоптик вазиятдан келиб чиқиб, ушбу табиат ҳодисасини жойларда 2-3 соатгача давом этишини прогноз қилиш мумкин.
Биринчилардан бошланган Бухоро ва Навоий вилоятларида чанг бўрони билан боғлиқ вазият анча барқарорлашмоқда», деган у ўз телеграм-каналида.
Кучли шамол туфайли тўрт вилоятда 40 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотидан узилган










