22 июнь куни Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) тақдири бўйича якуний қарорни қабул қилди. Ташкилотнинг Олимпия оиласига аъзолиги молия, бошқарув ва ҳакамлик билан боғлиқ муаммолар туфайли 2019 йилда тўхтатилган эди. ХОҚ фикрига кўра, 2020 йилда IBA ташкилоти раҳбарлигига келган россиялик Умар Кремлёв вазиятни яхшилай олмади. Оқибатда, тарихда биринчи марта Олимпия спортининг бошқарув органи Олимпия оиласидан чиқариб юборилди. Forbes.Sport можаро тафсилотларига бағишланган мақолани эълон қилди. 

ХОҚ Кремлёвни «нокаут қилди» 

2023 йил 7 июнь куни Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) олимпия оиласига тўлиқ қайтиш бўйича умиди барбод бўлди. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижро қўмитаси 2019 йилда аъзолиги тўхтатилган ҳаваскор бокснинг бошқарув органини ўз сафидан бутунлай чиқариб ташлашни тавсия қилди. Ҳукм 22 июнь куни эълон қилиниши ваъда берилди. 

IBA четлатиш бўйича тавсияни «жирканч ва мутлақ сиёсий» деб атади ва Спорт арбитраж судига мурожаат қилди. Бироқ, суд тавсияни тўхтатиб туриш тўғрисидаги апелляцияни қабул қилмади. Натижада IBA ташкилотини Олимпия оиласидан чиқариб ташлаш учун ХОҚ қарори қабул қилинишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайдиган бўлди. 

«Бокс ва боксчилар билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Агар муаммо бўлганида, Токио ва Париждаги мусобақалар ўтказилмаган бўларди», деди ХОҚ раҳбари Томас Бах 22 июнь куни ўтказилган сессияда. - Биз боксни жуда қадрлаймиз, аммо, афсуски, бизда IBA раҳбарияти туфайли жуда жиддий муаммолар мавжуд. Биз боксни жуда қадрлаганимиз сабабли, боксчилар халқаро федерация томонидан адолатли ва шаффоф бошқарувга лойиқ деб ҳисоблаймиз». 

ХОҚ бош директори Кристофер де Кеппер сўзларига кўра, қўмита IBA фаолиятининг учта асосий йўналишини (коррупция, молия ва судьялик) кўриб чиқди ва умидсиз хулосага келди. 

«ХОҚ учта муаммоли соҳада IBA ташкилотига изчил ва сабр-тоқат билан ёрдам беришга ҳаракат қилди. Аммо, орқага қайтиб бўлмайдиган нуқтага етиб келдик. IBA ўзини қайта тиклаш учун далиллар келтира олмади. ХОҚ таҳлилига рози бўлишдан бошқа ечим йўқ. Ягона йўл — IBA ташкилотини тан олиш ҳақидаги қарорни қайтариб олиш», деди де Кеппер. 

2020 йилда Россия бокс федерацияси раҳбари, россиялик амалдор Умар Кремлёв IBA бошқарувига ўтди. У 2021 йилгача ассоциациянинг барча муаммоларини ҳал қилишга ваъда берди. 2023 йилги ҳисоботга кўра, IBA қарзларининг катта қисми ёпилди. Шунингдек, Рио-2016 олимпиадасидан кейин пайдо бўлган ҳакамлик муаммоси ҳал қилинди. Аммо Кремлёвнинг далиллари ХОҚ расмийларини ишонтира олмади. 22 июнь куни IBA Олимпия оиласига аъзоликдан бутунлай четлатилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Уни 69 киши ёқлади, бир нафари қарши овоз берди. ХОҚ ижро қўмитаси илгари ҳеч қачон олимпия спортининг бошқарув органига нисбатан бундай қарор чиқармаган эди.